add

Президент ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни маъқуллади

2026 йилдан бошлаб расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланиши йўлга қўйилади.

Президент ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни маъқуллади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни ижтимоий суғурта тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш ва аҳолини нафақалар билан кенг қамраб олиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Учрашувда аҳолини оғир ҳаётий ҳолатларда даромадсиз қолишдан ҳимоя қилиш, ижтимоий нафақалар қамровини кенгайтириш ва тизимни рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сўнгги тўрт йилда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 6,8 фоизгача камайди. Кам таъминланган оила сифатида нафақа олувчилар сони эса 14 фоиздан 6,1 фоизга тушди.

Шу билан бирга, хусусий секторда ишловчи аҳолининг барчасига ҳам ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаётгани қайд этилди. Бу ҳолат ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, тадбиркорлик фаолияти рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Тақдимотда халқаро тажрибага асосланган янги механизм — ижтимоий суғурта жамғармаси орқали нафақаларни тўлаш тизими таклиф этилди. Унга кўра, 2026 йилдан бошлаб аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, шу йилнинг иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланади.

Янги тизимнинг асосий мақсади — аҳолини ишончли ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш, айниқса аёллар ва ишчиларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, шу билан бирга расмий меҳнат муносабатларини рағбатлантиришдир. Президент ижтимоий суғурта соҳасини рақамлаштириш, нафақаларни проактив тайинлаш ва шаффоф тарзда тўлашни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилади.

Мавзуга оид

Президент ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни маъқуллади | Vaqt.uz