add

Президент UNESCO Бош директорини орден билан мукофотлади

Учрашувда ташкилот билан шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Мирзиёев учрашув якунида UNESCO Бош директори Одри Азулега «Дўстлик» орденини топширди.

Президент UNESCO Бош директорини орден билан мукофотлади

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) Бош директори Одри Азулени қабул қилди. Бу ҳақда Президент матьуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон билан БМТнинг ушбу нуфузли институти ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Суҳбат аввалида Одри Азуле Шавкат Мирзиёевни тарихий воқеа – ташкилот Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йилда илк бор UNESCOнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳи ташқарисида ўтказилаётгани билан самимий табриклади.

Таъкидланишича, UNESCOнинг Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ишга туширилади, Беруний мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими, Самарқанд шаҳрининг 3000 йиллиги муносабати билан махсус тадбир, шунингдек, музейлар, сунъий интеллект, гендер мавзулари бўйича форумлар ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва UNESCO ўртасидаги ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликда болалар таълими бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилди. Шунингдек, Парижда Берунийнинг 1050 йиллиги нишонланди, буюк аллома шарафига халқаро мукофот таъсис этилди.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан UNESCOнинг учта муҳим резолюцияси қабул қилинди. Ташкилотнинг махсус рўйхатларига Ўзбекистоннинг бир қатор янги объектлари ва маданий қадриятлари киритилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хонимга Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Словакия президентлари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Президент UNESCO Бош директорини орден билан мукофотлади | Vaqt.uz