add

Президентлик маошидан ҳам кўп: Байденнинг қанча пенсия олиши маълум бўлди

05.01.2026 | 21:202 дақиқа

У Америка президентлари тарихидаги энг катта нафақани олмоқда.

Президентлик маошидан ҳам кўп:  Байденнинг қанча пенсия олиши маълум бўлди

АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден давлат ҳисобидан тўланадиган энг йирик пенсия билан нафақага чиққан президент сифатида тарихга кирди. Миллий солиқ тўловчилар уюшмаси жамғармаси таҳлилига кўра, Байденнинг йиллик пенсия даромади 417 минг долларни ташкил этиб, бу ҳатто унинг президент сифатида олган 400 минг долларлик маошидан ҳам юқори.

Мутахассис Демян Брэдининг таъкидлашича, бу кўрсаткич Байденнинг сенатор, вице-президент ва президент сифатида узоқ йиллар хизмат қилгани билан изоҳланади. У бир вақтнинг ўзида икки давлат пенсия тизимидан фойдаланиш имконига эга бўлган кам сонли сиёсатчилардан бири ҳисобланади.

Хусусан, Байден 1958 йилда қабул қилинган «Собиқ президентлар тўғрисида»ги қонун асосида президентлик пенсиясини, шунингдек, сенаторлар учун мўлжалланган фуқаролик хизмати пенсия тизими орқали қўшимча даромад олади. Ушбу тизим сенатда 44 йиллик фаолият ва энг юқори маош олинган йилларни инобатга олган ҳолда ҳисобланади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Байден сенаторлик ва вице-президентлик фаолияти учун йиллик 166 минг долларга яқин пенсия олади. Президент сифатида эса у ҳозирги вазирлар маҳкамаси аъзоси маошига тенг — 250 минг доллардан ортиқ пенсияга эга. Қонунга кўра, бу имтиёзлар умрбод сақланиб қолади.

Бундан ташқари, 2026 молия йилида давлат Байден учун офис, ходимлар ва ускуналарни ўз ичига олган қўшимча имтиёзларга 1,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган.

Брэдининг сўзларига кўра, Байденнинг бошланғич пенсияси турмуш ўртоғи учун ажратилган 18 186 долларни ҳам қўшган ҳолда 166 374 долларгача етиши мумкин. У бу ҳисоб-китоб Байден сенаторлик пенсияси миқдорини максимал даражада оширишга интилган деган тахминга асосланганини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид