
«Пул йўқ, лекин бу яширилмоқда»: «Сбербанк» 13,5 минг ходимни ишдан бўшатди
Россиянинг энг йирик банки — «Сбербанк» 2025 йилда 13,5 минг нафар ходимни қисқартирди. Расмий сабаб — харажатларни қисқартириш ва самарадорликни ошириш.

Frank RG маълумотларига кўра, «Сбербанк» 2025 йил давомида штатни 13,5 минг ходимга қисқартирди. Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МСФО) бўйича маълумотларга кўра, йилнинг биринчи чорагида банк 8,6 минг, иккинчи чоракда 3,5 минг, учинчи чоракда эса 1,4 минг иш ўрнини қисқартирган. Натижада банк ходимлари сони 2023 йил даражасидан пастлаб, 295,9 минг нафарга тушди.
Қисқартиришлар асосан IT мутахассисларига тегишли бўлди. Бу жараён қиш ойларидаёқ бошланган ва асосан «Сбер» экотизими таркибидаги лойиҳалар — «Мегамаркет», «Самокат», «Купер» ва «Сберлогистика»га таъсир этган. «Ведомости» нашри манбаларига кўра, менежмент харажатларни қисқартириб, молиявий натижаларни яхшилашни мақсад қилган.
The Bell манбаси сўзларига кўра, «Иқтисодиёт оғир аҳволда, пул йўқ, лекин бу яширилмоқда», — деб таъкидлаган бозор иштирокчиси. Шу билан бирга, «Сбербанк»дан кейин бошқа йирик компаниялар — VK ва МТС ҳам IT ходимларини қисқартиришга мажбур бўлган.
Август ойида «Сбербанк» марказий аппаратидаги 40 минг ходимнинг 20 фоизини ишдан бўшатиш ҳақида қўшимча қарор қабул қилган. CNews маълумотларига кўра, баъзи бўлимларда раҳбар ва бир-икки асосий мутахассисдан ташқари барча ишчилар қисқартирилган.
Банк раҳбарияти буни сунъий интеллектни жорий этиш билан изоҳламоқда. Бироқ кўпчилик экспертлар бу баҳонани ишончсиз деб ҳисоблаб, аслида мақсад харажатларни кескин қисқартириш эканини айтишмоқда.
Шу билан бирга, Сбербанк молиявий жиҳатдан фаол фойда кўрмоқда: 2025 йилнинг учинчи чорагида банк 448,3 млрд рубл соф фойда олган — ўтган йилга нисбатан 9 фоиз кўп. Январ–сентябр ойларида эса фойда 1,307 трлн рублни ташкил этган (+6,5 фоиз).
Банкнинг соф фоизли даромадлари йиллик ҳисобда 17,3 фоизга ўсиб, 893,6 млрд рублга етди. Кредит портфели эса 5,1 фоизга ошиб, 48,4 трлн рублни ташкил этди.





