Logo

Путин нефт экспорти ва Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти ҳақидаги маълумотларга киришни чеклади

Бугун 16:053 дақиқа

Президент фармонида экспортга мўлжалланган ёқилғи-энергетика мажмуаси маҳсулотлари ва хизматларининг нархи, уларнинг сотувчилари ва харидорлари, ташувчилари, экспедиторлари ва суғурталовчилари ҳақидаги маълумотларга киришни чеклаш ҳам назарда тутилган. Ҳужжат бундай маҳсулотларни етказиб бериш шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар, уларни экспорт қилишда фойдаланиладиган транспорт воситалари ва ташиш йўналишлари ҳақидаги маълумотларга киришни ҳам чеклайди.

Путин нефт экспорти ва Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари фаолияти ҳақидаги маълумотларга киришни чеклади © Reuters

Россия президенти Владимир Путин ёқилғи-энергетика мажмуаси (ЁЭМ) соҳасидаги маълумотларга киришни чекловчи фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди. Фармонда бу қарор АҚШ ва унга қўшилган хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг «дўстона бўлмаган ва халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларига жавобан зудлик билан чора кўриш зарурати» билан боғлиқ экани айтилган.

ЁЭМ соҳасида кириш чекланадиган маълумотлар рўйхатига Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларида нефтни қайта ишлаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳақидаги маълумотлар, экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг ҳажми ва қиймати, уларнинг сотувчилари ва харидорлари, шунингдек, ташувчилар, экспедиторлар ва суғурталовчилар ҳақидаги маълумотлар киритилган. ЁЭМ маҳсулотларини етказиб бериш шартномалари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар, экспорт жараёнида фойдаланиладиган денгиз транспорти, контейнер рақамлари ва транспорт ҳужжатлари реквизитлари ҳақидаги маълумотларга кириш ҳам чекланади.

Рўйхатга, шунингдек, маҳсулотларни етказиб бериш йўналишлари, ташиш маршрутлари, маҳсулотни топшириш, юклаш, қайта юклаш, манзилга етказиш ва олиб чиқиш жойлари ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилган. Бунга маҳсулот юкланадиган, қайта юкланадиган ва/ёки «товарларни технологик тўплаш» амалга ошириладиган денгиз терминалларининг номлари ҳам киради.

Чекловлар денгиз терминаллари операторларининг номлари, фойдаланилаётган омборлар ва омбор майдонларининг географик координаталари, шунингдек, экспорт қилинаётган маҳсулот билан амалга ошириладиган операцияларнинг санаси ва вақти ҳақидаги маълумотларга ҳам татбиқ этилади.

Бундан ташқари, рўйхатга Россиядан ЁЭМ маҳсулотларини олиб чиқишда божхона операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар маълумотлари ҳамда юридик шахс томонидан маҳсулот экспорти бўйича божхона статистикаси ҳақидаги маълумотлар киритилган. Фармонда назарда тутилган ҳолатларда бензин ва дизелни сотиш бўйича режалаштирилаётган ҳажмлар ҳамда биржа орқали уларни сотиш бўйича тузилган битимлар ҳажми ҳақидаги маълумотларга кириш ҳам чекланади.

Ҳужжатга кўра, юқорида санаб ўтилган маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва интернетда тарқатиш мумкин эмас. Ҳужжат 28-сентябр куни имзоланганидан сўнг кучга кирган. Фармонда, шунингдек, ҳукумат ўн кун ичида унинг қоидалари татбиқ этиладиган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси ва Иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулотларни умумроссия классификатори бўйича товар кодлари рўйхатини белгилаши кераклиги айтилган.

19-сентябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга қарши «жазоловчи санкциялар» тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжатда, жумладан, Россия энергоресурсларининг бешта йирик харидори — Хитой, Ҳиндистон, Словакия, Венгрия ва Озарбойжонга нисбатан 100 фоизгача бож жорий этиш имконияти назарда тутилган. Қонунда, шунингдек, Россиянинг «соядаги флоти», мамлакат молия институтлари, жумладан, Марказий банки ҳамда йирик давлат энергетика лойиҳаларига қарши санкциялар жорий этиш имконияти ҳам назарда тутилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ўтган ҳафта Трампнинг Россияга қарши «жазоловчи санкциялар» тўғрисидаги қонунни имзолаши Россия-Америка муносабатларини тиклаш ва Украинадаги можарони ҳал қилиш жараёнига ёрдам бермаслигини айтди. Кремль вакили, шунингдек, Москва савдо ҳамкорлари билан доимий алоқада эканини ва уларнинг барчаси бундай сиёсатга қарши эканини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид