Logo

Қамбарота-1 ГЭС қурилиши қачон бошланиши мумкинлиги айтилди

Бугун 16:382 дақиқа

Лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 млрд долларга баҳоланмоқда.

Қамбарота-1 ГЭС қурилиши қачон бошланиши мумкинлиги айтилди © vesti.kg

Қирғизистонда Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси (ГЭС) қурилиши 2027 ёки 2028-йилда бошланиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятининг Тошкўмир ва Қоракўл шаҳарлари аҳолиси билан учрашувда маълум қилди.

Учрашувда шаҳарлардаги инфратузилма муаммолари муҳокама қилинди. Қоракўллик аҳоли вакилларидан бири шаҳардаги энергетика ва коммунал хизматлар ҳолатига эътибор қаратди.

Унинг айтишича, эски қувурлар ва иссиқлик тармоқлари яроқсиз ҳолга келган, аҳоли эса сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Шунингдек, у Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапириб, мазкур лойиҳа мамлакат учун жуда муҳим эканини таъкидлади. Ўзи олтита гидроэлектростанциянинг қурилишида иштирок этганини айтган фуқаро ишларни тезлаштиришга чақирди.

Садир Жапаров унга жавобан Қамбарота-1 ГЭСи бўйича тайёргарлик ишлари якунланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, станциянинг бевосита қурилиши яқин йилларда бошланиши мумкин.

«Қамбарота-1 бўйича тайёргарлик ишлари якунланди. Худо хоҳласа, келаси 2027 ёки 2028-йилда қурилишни бошлаймиз ва беш-олти йил ичида қуриб битказамиз», — деди президент.

Маълумот учун, Қамбарота-1 ГЭСи Норин дарёсида қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Станцияда умумий қуввати 1 860 мегаватт бўлган учта гидроагрегат ўрнатилиши режалаштирилган. Қурилиш тугаллангач, ГЭС йилига тахминан 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардлаб пул тикилаётган Тожикистондаги Роғун лойиҳасидан Ўзбекистонга келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид