
Қашқадарёда қадимий олтин тангаларни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
Маълумотларга кўра, тангалар 1897–1901 йилларда Россия империясида зарб этилган.

Қашқадарёда қадимий олтин тангаларни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълумотларга кўра, Муборак туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.К. 1897–1901 йилларда зарб қилинган, “Николай II” ёзуви туширилган 10 дона олтин тангани бошқа фуқарога 71 млн сўмга сотиш вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Экспертиза натижалари тангаларнинг умумий соф вазни 42,74 грамм эканини тасдиқлади. Улар қимматбаҳо олтин қотишмасидан тайёрланган бўлиб, тарихий аҳамиятга эга нумизматик қимматлик сифатида баҳоланган. Мазкур топилмаларнинг ноқонуний айланмаси мамлакат қонунчилигига зид ҳисобланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.





