add

Қозоғистон 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқламоқчи

Бугун 14:551301 дақиқа

Мамлакатда 16 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқ ва баъзи платформаларда рўйхатдан ўтишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қозоғистон 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқламоқчи

Қозоғистонда 16 ёшгача бўлган болаларнинг кўплаб онлайн платформаларда рўйхатдан ўтишини тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. У «Очиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар» порталида эълон қилинган бўлиб, Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан тайёрланган.

Лойиҳага кўра, ижтимоий тармоқлар, видеохостинглар ва контент платформаларида болалар учун аккаунт яратиш тақиқланади. Фақатгина мессенжерлар ушбу чекловдан мустасно бўлади.

Қонун қабул қилинса, парламент тасдиғидан ўтиб, президент имзолаганидан сўнг расмий эълон қилинган кундан бошлаб 60 кун ўтиши билан кучга киради. Мазкур ташаббус болаларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий тармоқлардаги эҳтимолий салбий таъсирларни камайтириш мақсадида таклиф этилган.

Қайд этилишича, 12 ноябр куни депутат Асхат Аймағамбетов ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун ёш чегараларини белгилашни таклиф қилган. Унинг таъкидлашича, TikTok ва Instagram каби платформалар болалар орасида кенг тарқалган бўлиб, жаҳон амалиётида бундай чекловлар қатор давлатларда қўлланиб келинмоқда.

Мутахассислар қонун қабул қилинса, болаларнинг онлайн хавфлардан ҳимояси кучайишини, платформалар эса ёшга оид текширув механизмларини жорий этишга мажбур бўлишини таъкидламоқда.

Аввалроқ Австралияда 16 ёшгача бўлганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқлангани маълум қилинганди.

Теглар

Мавзуга оид