Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши оширилади

Қозоғистон ҳукумати аёлларнинг пенсия ёшини босқичма-босқич ошириб, 2031 йилгача эркакларнинг пенсия ёши билан тенглаштиришни режалаштирмоқда.

Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши оширилади © РИА Новости

Қозоғистонда аёллар учун пенсия ёшини 63 ёшга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Tengrinews» нашри маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, аввал вақтинча тўхтатилган ушбу жараён амалдаги қонунчилик доирасида босқичма-босқич давом эттирилиб аёллар учун пенсия ёши 63 ёшга етказилиб, эркаклар билан тенглаштирилади.

Ҳозирги вазият

Ҳозирда мамлакатда эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 61 ёшда пенсияга чиқади. Шу билан бирга, аёллар учун пенсия ёшини ошириш 2027 йил охиригача «музлатилган».

2028 йилдан бошлаб эса ушбу чеклов бекор қилиниб, ёш босқичма-босқич оширилади. Хусусан, 2028 йилда 61,5 ёш, кейинги йилларда эса ҳар йили ярим йилдан қўшилиб боради ва 2031 йилга келиб 63 ёшга етади.

Пенсия ёшини оширишдан мақсад

Расмийларга кўра, мазкур ўзгаришлар пенсия тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва келажакдаги тўловлар миқдорини ошириш мақсадида жорий этилмоқда. Яъни, инсон қанчалик узоқ ишласа, унинг жамғарма пенсияси ҳам шунчалик юқори бўлади.

Катта ёшдаги аёлларни иш билан таъминлаш чоралари

Шу билан бирга, ҳукумат катта ёшдаги аёлларни иш билан таъминлаш чораларини ҳам кучайтирмоқда. Жумладан, «Серебряний возраст» дастури доирасида иш берувчиларга субсидиялар ажратилиб, тажрибали ходималарни ишга жалб қилиш рағбатлантирилмоқда.

Шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари орқали аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигини сақлаб қолишга эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 2028 йилдан кейин пенсия ёшини оширишга мораторийни узайтириш масаласи кўриб чиқилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам пенсия ёши оширилиши режалаштирилаётган эди. Лойиҳага кўра эркаклар учун ёш чегараси 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун эса 55 ёшдан 58 ёшгача оширилиши назарда тутилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижроия директори Муродбек Отажонов маълум қилишича, Ўзбекистонда пенсия ёши 32 йилдан бери ўзгартирилмаган. Жаҳонда эса кўпчилик давлатларда пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан юқори. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшга етган. Бундан 20 йил олдин пенсионерлар пенсиядан кейин 8–9 йил яшаган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йилга, аёлларда 20 йилгача ошган.

Теглар

Мавзуга оид