Қозоғистонда «Burger King» ва «Starbucks» брендлари атрофида можаролар
Қозоғистонда «Burger King» ва «Starbucks» жамоатчилик танқиди марказига тушди. Инклюзивлик ва диний ҳассослик масалалари бизнес учун жиддий имтиҳонга айланмоқда.

Қозоғистонда халқаро фастфуд ва кофе тармоқлари атрофида икки алоҳида можаро юзага келди. «Burger King Kazakhstan» аутист ходим билан боғлиқ ҳолат сабаб текширув бошлади ва икки ҳудудий раҳбар — Сергей ҳамда Анастасия компанияни тарк этди. Шу билан бир вақтда, «Starbucks» Рамазон ойига бағишланган акцияси ортидан танқидларга учради.
Аутист ходимнинг бўшатилиши
Можаро Жанат Қаратайнинг «Threads» ижтимоий тармоғидаги пости орқали оммалашди. Унинг айтишича, ўғли Алибек Қаратай «Burger King»да тўрт йилдан бери ишлаб келган, бироқ раҳбариятга россиялик экспатлар келгач, иш муҳити ўзгарган ва уни ишдан бўшатишга уринишлар бўлган.

Компания ўзининг дастлабки баёнотида ходим «собиқ» эканини билдирган, кейин эса у ишдан бўшатилмаганини маълум қилиб, корпоратив стандартлар ва ҳурмат тамойилларига содиқ эканини, ҳар қандай дискриминацияни қабул қилмаслигини таъкидлаган.
Компания версиясига кўра, 29 январ куни ходим таътил олиш ниятини билдирган ва шундан кейин ишга чиқмаган. 6 феврал куни эса онаси томонидан ёзилган ишдан бўшаш аризаси тақдим этилган. Шу билан бирга, ходимни бошқа ресторанга ўтказиш таклифи берилгани айтилди.
Қозоғистон Меҳнат вазирлиги ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.
Рамазон акцияси баҳси
Айни пайтда «Starbucks» Рамазон муносабати билан «иккита кофе — битта нархда» акциясини эълон қилди. Бироқ акция 12:00–14:00 оралиғида амал қилгани фойдаланувчилар танқидига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда бу вақт рўза тутувчилар учун ноқулай экани, таклиф амалда улар учун мавжуд эмаслиги таъкидланди.

Айрим фойдаланувчилар буни диний ҳис-туйғуларга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолади. Шунингдек, компания номи Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар фонида Исроилни қўллаб-қувватлаш айбловлари сабаб айрим давлатларда бойкот рўйхатларида экани эслатилди. Норозилик тўлқинидан сўнг реклама пости барча саҳифалардан ўчирилган, бироқ расмий изоҳ берилмаган.
Корпоратив хатарлар
Икки ҳолат бизнес учун ижтимоий масъулият ва репутация хавфлари қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатди. Инклюзивлик, меҳнат ҳуқуқлари ва маданий ҳассосликка оид хатолар глобал брендлар учун бозордаги мавқега таъсир қилиши яна ўз исботини топди. Мутахассисларнинг фикрича, жамоатчилик билан коммуникация шаффоф ва тезкор бўлиши шарт.
Ҳозирча ҳар икки ҳолат бўйича текширув ва компаниялар позицияси тўлиқ якунланмаган.





