Logo

Қозоғистонда йўловчили учувчисиз аэротакси илк парвозини амалга оширди

Бугун 14:242 дақиқа

У икки йўловчини ташишга мўлжалланган, соатига 130 километргача тезликда ҳаракатлана олади ва 35 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.

Қозоғистонда йўловчили учувчисиз аэротакси илк парвозини амалга оширди © Foto: reformy.kz

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида мамлакат тарихида илк бор бортида инсон бўлган учувчисиз йўловчи ҳаво кемасининг парвози амалга оширилди. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги Фуқаролик авиацияси қўмитаси хабар берди.

Электр энергиясида ҳаракатланадиган, вертикал равишда қўнадиган ва ҳавога кўтариладиган EH216-S русумли eVTOL ҳаво кемасининг намойиш парвози пойтахтнинг махсус рухсат берилган ҳудуди устида «Келажак ўйинлари – 2026» халқаро турнири доирасида ўтказилди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ҳаво кемаси икки йўловчини ташишга мўлжалланган, соатига 130 километргача тезликда ҳаракатлана олади ва 35 километргача масофани босиб ўтиши мумкин.

Қозоғистонда дастлаб 5 дақиқадан 30 дақиқагача давом этадиган намойиш ва туристик йўналишларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу йўналишлар мамлакатнинг табиий, маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлари устидан ўтиши мумкин. Кейинчалик учувчисиз йўловчи ҳаво транспорти тизимлари бошқа транспорт турлари билан бир қаторда Қозоғистон транспорт инфратузилмасининг бир қисмига айланиши мумкин.

Йўловчи ташишдан ташқари, вазирлик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармон етказиб бериш, ёнғинларни ўчириш ва тезкорлик муҳим бўлган логистика вазифаларида учувчисиз авиация тизимларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида илк бор eVTOL учар таксиси синовдан ўтказилганди. Дунё бўйлаб йўловчи ташувчи аеротаксилар ҳозирча синов босқичида қолмоқда. Қозоғистонда мазкур хизматни 2029-йилга қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид

Қозоғистонда йўловчили учувчисиз аэротакси илк парвозини амалга оширди | Vaqt.uz