Рақобат қўмитаси «Centrum Air» ва «Qanot Sharq» фаолиятини текшириш юзасидан сўров юборди
Аниқланишича, «Centrum Air» ва «Qanot Sharq» хусусий авиакомпаниялари йўловчилар олдидаги ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини бузган.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaРақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Centrum Air» ва «Qanot Sharq» хусусий авиакомпаниялари фаолиятида чипталарнинг ортиқча сотилиши, рейсларнинг кечикиши ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан Фуқаро авиацияси агентлигига расмий сўров юборди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, авиақатновлар бўйича истеъмолчилардан тушган шикоятлар сони кескин ортган.
«Рақобат қўмитасига авиа қатновлар бўйича истеъмолчилардан тушган мурожаатларнинг таҳлили 2025 йилда 127 тани, 2026 йилнинг ўтган 4 ойида эса 145 та (114 фоиз) ни ташкил этиб, уларнинг сони ортиб бораётгани кузатилмоқда», — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ўрганишлар давомида кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш, парвоз вақтига риоя этмаслик ва сифатсиз хизмат кўрсатиш ҳолатлари аниқланган.
Истеъмолчиларнинг асосий эътирозлари ва қонунбузилишлар
Қўмита томонидан олиб борилган таҳлиллар натижасида йўловчиларнинг ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ тизимли камчиликлар юзага чиққан.
«Ўрганишларда мазкур авиакомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, шунингдек, «Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш» қоидалари, «Ҳаво кодекси» ва «Фуқаролик кодекси» тўғрисидаги қатор қоидаларга етарлича риоя қилинмаётгани маълум бўлди», - дейилади хабарда.
Йўловчилар томонидан йўлланган мурожаатларда асосан қуйидаги камчиликлар баён этилган:
• Хизматлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этилмаслиги;
• Расмийлаштирилган чипта ва олдиндан банд қилинган жойга эга бўлган йўловчига ҳаво кемасидан жой беришни рад этилиши;
• Парвозларни бир неча соатлаб кечикиши йўловчиларни аэропортларда қолиб кетиши, вақти, маблағи ҳамда режаларига жиддий таъсир кўрсатаётгани;
• Авиакомпания томонидан етказилган зарар белгиланган тартиб ва миқдорда компенсация ёки бепул қўшимча хизматлар билан қопланмаётганлиги.
Ташувчилар томонидан бажарилмаган мажбуриятлар
Маълум қилинишича, «Centrum Air» ва «Qanot Sharq» компаниялари томонидан парвозгача кутиш даврида йўловчиларни озиқ-овқат, ичимлик суви ва зарурат туғилганда меҳмонхона билан таъминлаш, шунингдек, туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш каби хизматлар етарли даражада бажарилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси «истеъмолчилар номуайян доирасининг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида» хусусий авиакомпанияларнинг йўловчи ташишдаги камчиликлари юзасидан тўпланган маълумотларни кўриб чиқиш ва зарурий чораларни белгилаш учун Фуқаро авиацияси агентлигига сўров юборган.
Рақобат қўмитаси 2025−2026 йилларда авиакомпаниялар рейслари кечикиши, сабаблари ва компенсациялар юзасидан ўрганиш олиб бораётгани ва якунлар бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.




