
«Россия Қозоғистон учун Худо берган қўшни» — Тўқаев
Қозоғистон президенти Тўқаев нутқида қозоқларнинг «Құдай қосқан көрші» , яъни «Худо берган қўшни»деган мақолини келтириб, Россияни Қозоғистон учун ана шундай қўшни эканлигини айтди.

Кремлдаги давлат қабул маросимида Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни «беқиёс» деб баҳолаб, икки давлат ўртасида ҳал этилмас масала йўқлигини таъкидлади.
Маросимда сўзга чиққан Тўқаев икки мамлакатни боғлаб турган умумий тарих ва жасоратли синовларни алоҳида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ва асрлар давомида қийин даврларни биргаликда бошдан кечириб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган.
«Кўп асрлик донишмандлик қозоқларнинг «Құдай қосқан көрші», яъни «Худо берган қўшни» деган ҳикматини сақлаб келмоқда. Россия Қозоғистон учун ана шундай қўшнидир», — деди Тўқаев.
Унинг таъкидлашича, икки халқ ўртасидаги ички яқинлик ва умумий тарих бугунги стратегик шерикликнинг асосий устуни ҳисобланади.
Владимир Путин ҳам ўз навбатида Қозоғистонни Россия учун «меҳрибон қўшни» деб атади. У икки давлат ўртасидаги муносабатлар дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида ривожланаётганини қайд этди. Путиннинг айтишича, Қозоғистон ва Россия кўп қиррали ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни изчил кучайтирмоқда.
Қозоғистон президенти бугунги кунда Қозоғистон ва Россия самарали ҳамкорлик қилмаган соҳалар деярли қолмаганлигини билдирди. Унинг фикрича, икки мамлакат ўртасида ҳал этилмайдиган масала йўқ ва бу томонларнинг юксак масъулияти ҳамда самимий мулоқотга тайёрлигидан далолат беради.
Маълумот учун, Тўқаев 11 ноябр куни Путиннинг таклифи билан Россияга борган эди. Ташриф доирасида Путин ва Тўқаев Стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёевнинг таклифига Тўқаев 14-16 ноябр кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. 16-ноябр куни эса Марказий Осиё мамлакатлари лидерларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади.





