«Россия радикалларча барча тинчлик ташаббусларини рад этмоқда» — Зеленский
06.06.2025 | 10:302 дақиқа
Украина президенти Володимир Зеленский Россия барча халқаро ва икки томонлама тинчлик ташаббусларини рад этаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Москва ҳамон аҳолига қарши ҳужумлар билан шуғулланишда давом этмоқда.

5 июн куни кечқурунги видеомурожаатида Зеленский Россия Украинанинг Чернигив областидаги Прилуки шаҳрига қилган дрон ҳужуми натижасида украиналик қутқарувчининг оиласи ҳалок бўлганини айтди. Шунингдек, Харкив, Суми, Донецк, Никопол, Запорижжя ва Херсон областларида ҳам ҳужумлар амалга оширилганини қайд этди.
«Афсуски, дунё жамоатчилиги уларга бундай ҳаракатларга йўл қўяётгани ачинарли», — деди Зеленский.
Украина президентмнинг таъкидлашича, бугунги кунда Россияга мақбул бўлган бирорта тинчлик таклифи қолмаган.
Шу билан бирга, Зеленский Украинага кўрсатилаётган халқаро сиёсий ва ҳарбий ёрдам учун миннатдорлик билдирди. У Вашингтонда ўтаётган Украина делегациясининг АҚШ расмийлари, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувларини таърифлаб, уларнинг қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.
Украина президенти Россиянинг ҳарбий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлар экан, халқаро ҳамжамиятни қатъий ҳаракатлар қилишга чақирди.





