
Россияда ёш оилаларга текин квартира бериш таклиф этилди
Бунинг учун оила камида 10 йил бирга яшаган, фарзанд кўрган бўлиши керак. Агар эр-хотин ажрашишни истаса, квартира давлатга қайтарилади.

Россияда ёш оилаларга 10 йил давомида никоҳда қолиш ва фарзанд дунёга келтириш шарти билан уй-жой бериш таклиф этилди. Ушбу ташаббус билан сиёсатшунос ва жамоат арбоби Вадим Попов чиқди. У тегишли қонун лойиҳасини ҳукумат муҳокамасига юборганини маълум қилди, деб ёзмоқда Москва24.
Поповнинг таъкидлашича, бу ғоя мамлакатдаги демография муаммосини ҳал қилишга ва ёш оилаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Унинг фикрича, ипотека ставкалари юқорилиги ва уй-жой нархлари катталиги туфайли кўп ёшлар квартира сотиб олиш имкониятига эга эмас.
«Аниқки, уй-жойнинг мавжудлиги ажрашишнинг олдини тўлиқ ололмайди. Бироқ бу ёшларга келажак режаларини аниқ белгилаш, фарзанд туғишни кечиктирмаслик имконини беради», — деди Попов.
Унинг сўзларига кўра, агар жуфтликлар 10 йиллик мажбуриятга риоя қилмаса ёки ажрашса, квартира давлатга қайтарилади.
Мазкур таклиф Россияда туғилиш даражасини ошириш бўйича олиб борилаётган умумий сиёсат билан ҳамоҳанг. Президент Владимир Путин ҳам аввалроқ ҳукуматни шундай чоралар кўришга чақирган эди.
Аввалроқ Россия Давлат думаси депутати Олег Матвейчев мамлакатдаги демографик таназзулга қарши «радикал» чора сифатида аҳолининг турмуш даражасини пасайтиришни таклиф этгани ҳақида хабар берган эдик.





