Logo

Россиядан Ўзбекистонга автобусда қайтаётган йўловчилар фирибгарлардан огоҳлантирилди

Бугун 13:191 дақиқа

Йўловчиларга Uzautotrans service номидан сохта чипта сотилмоқда. Фирибгарлар чипталарни бир неча баравар қимматга таклиф қилиб, йўловчиларни ноқонуний автобус қатновларига йўналтирмоқда.

Россиядан Ўзбекистонга автобусда қайтаётган йўловчилар фирибгарлардан огоҳлантирилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Транспорт вазирлиги Россиядан Ўзбекистонга автобусда қайтаётган фуқароларни чипта савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, фирибгарлар ижтимоий тармоқлар ва YouTube каналларида Uzautotrans service автобусларининг фото ва видеоларидан фойдаланиб, сохта эълонлар жойлаштирмоқда. Улар кассаларда чипта қолмаганини важ қилиб, йўловчиларга чипталарни асл нархидан бир неча баравар қимматга сотмоқда.

Бундай чипталарни харид қилган фуқаролар эса кейинчалик ноқонуний ташувчиларнинг автобусларига чиқариб юборилмоқда.

Вазирлик фуқароларга расмий қатнов жадвали ва чипта харид қилиш тартибига амал қилишни тавсия этди.

Расмий қатновлар қачон амалга оширилади?

Uzautotrans service Москвадаги «Новоясеневская» ва «Котельники» автостанцияларидан Тошкент автовокзалига ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари автобус қатновларини амалга оширади.

Чипталарни фақат кўрсатилган автостанциялар кассаларидан ёки уларнинг расмий сайтлари ва мобиль иловалари орқали онлайн харид қилиш мумкин.

Автобус чипталари қанча туради?

Вазирлик маълумотига кўра, мунтазам қатновлар учун чипта нархи 8 500 рублни ташкил этади. Шу куннинг ўзида ташкил этиладиган қўшимча рейслар учун эса нарх 7 000 рубль этиб белгиланган.

Транспорт вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги шубҳали эълонларга ишонмасликка, чипталарни норасмий воситачилардан харид қилмасликка ва фақат расмий савдо каналларидан фойдаланишга чақирди.

Теглар

Мавзуга оид