Саида Мирзиёева Хитой Ташқи ишлар вазири билан учрашди
Улар савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий алоқалар каби устувор йўналишлардаги муносабатлар ривожини муҳокама қилишган.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliБугун, 26 август куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, ХКП МҚ Ташқи ишлар бўйича комиссияси девони раҳбари, Хитой Ташқи ишлар вазири жаноб Ван Йи билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унга кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик янги босқичга кўтарилиб, кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда. Шу нуқтаи назардан савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий алоқалар каби устувор йўналишлардаги муносабатлар ривожини муҳокама қилиш алоҳида аҳамият касб этди.
«Суҳбат чоғида глобал масалалар бўйича умумий қарашларни шакллантиришга алоҳида тўхталдик. Жаноб Ван Йига илиқ ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдираман», - деди Саида Мирзиёева.





