Самарқандда сессия: вилоятга ҳоким тасдиқланди ва Самарқанд шаҳри ҳудуди кенгайиши эълон қилинди
Самарқанд шаҳрига Оқдарё, Паст Дарғом, Пайариқ, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 17,5 минг гектар ҳудуд қўшилди. Адиз Бобоев номзоди эса вилоят ҳокимлигига тасдиқланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Сессияда Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш масаласи муҳокама этилди.
Аҳоли сони ва даромади ортиб бораётгани сабаб, шаҳарда замонавий уй-жойларга бўлган талабни қондириш учун 3 та йирик массив — «Ширин», «Темирйўл орти» ва «Қорасув-2» танлаб олинган. Бу ерларда жами 310 минг киши учун 700 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилади.
«Ширин» массиви 180 минг киши учун мўлжалланган бўлиб, бу ерга 49 та вилоят ташкилоти кўчирилади. Шу йил охирига қадар ушбу массивни шаҳар маркази билан боғлайдиган 577 метрли кўприк ҳам фойдаланишга топширилади.
Ҳар уч массивда мактаб, боғча, олийгоҳ, шифохона, бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхона, ресторан ва кўнгилочар масканлар қурилади. Инфратузилма ҳам четда қолмайди — испаниялик инвесторлар билан ҳамкорликда канализация тизими янгиланади.
Юк машиналари ҳаракатини қисқартириш учун Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан ўтувчи асосий йўллар бўйлаб 4 та логистика маркази қурилади.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Президент Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.

Вилоят фаолларининг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.





