add

Саудия фонд бозори хорижий инвесторлар учун тўлиқ очилди

07.01.2026 | 09:462 дақиқа

Саудия Арабистони 2026 йилдан бошлаб фонд бозорини барча хорижий инвесторлар учун очиб, аввалги чекловлар ва махсус талабларни бекор қилди.

Саудия фонд бозори хорижий инвесторлар учун тўлиқ очилди

Саудия Арабистони ўз фонд бозорини барча хорижий инвесторлар учун тўлиқ очишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг «Capital Market Authority» 6 январ куни расмий баёнот берди, деб ёзмоқда «Bloomberg». Қарорга мувофиқ, норезидентлар учун амалда бўлган барча махсус талаблар ва чекловлар бекор қилинади.

Аввал хорижий инвесторлар Саудия бозорига кириш учун камида 500 млн АҚШ доллари миқдорида активларга эга бўлиши шарт эди. Янги қоидаларга кўра эса, 2026 йил 1 февралдан бошлаб хорижий инвесторлар мамлакатнинг асосий фонд майдони — «Tadawul»да акцияларни тўғридан тўғри сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлади.

Регулятор маълумотларига кўра, сентябрь ойи охири ҳолатига Саудия фонд бозорининг умумий ҳажми тахминан 2,3 трлнни ташкил этган. Шу маблағнинг 590 млрд саудия риёли (157,3 млрд доллар) хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади, уларнинг қарийб 88 фоизи эса асосий индексда жамланган.

«Bloomberg»нинг таъкидлашича, Ар-Риёднинг хорижий сармояга эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда. Нефтдан тушаётган даромадларнинг пасайиши ва давлат харажатларининг юқорилиги бюджет тақчиллигини чуқурлаштирмоқда, бу эса инвестиция фаоллигини секинлаштириш хавфини кучайтиради.

Янги қарор маҳаллий компаниялар учун ҳам ижобий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Саудия фонд биржаси ижроия директори декабрь ойида 40 та компания IPO учун ариза топширганини, умумий номзодлар сони эса 100 тага етганини маълум қилган эди. Британиянинг «Jefferies International Limited» ҳисоб-китобларига кўра, хорижий мулкчилик лимитини 49 фоиздан 60–100 фоизгача ошириш MSCI ва FTSE индексларига боғланган фондлар орқали 3,4–10,2 млрд доллар миқдорида қўшимча сармоя жалб қилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид