
Шавкат Мирзиёев автомобилсозлик муҳандислари тайёрлайдиган мактаб фаолияти билан танишди
Жиззахдаги ушбу мактабда «BYD Uzbekistan Factory» ва «АDМ Jizzakh» корхоналари билан мутахассис тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди. Ушбу мактабда «BYD Uzbekistan Factory» ва «АDМ Jizzakh» корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.
Қайд этилишича, муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.
Қисқа муддатли тайёрлов курсларида автомобил заводига ишга кирувчи номзодлар, завод ишчилари ва ишсиз ёшларга ўзлари қизиққан касблар ўргатилади. Бу ерда BYD автомобил ишлаб чиқариш мини конвейери ҳам ташкил этилган. Ишлаб чиқариш цехида пайвандлаш, бўяш, йиғув ва сифат назорати бўлимлари мавжуд.
Шунингдек, электромобил ва зарядлаш станциясининг тузилиши, электромобилларга хизмат кўрсатиш, саноат ва дастурлаш муҳандислиги, таннарх ва реверс муҳандислиги йўналишларига ихтисослашган махсус хоналар ташкил қилинган.
Таъкидланишича, Жиззахдаги ушбу муҳандислик мактабида биринчи марта маҳсулотни техник-аналитик солиштириш, харажатларни моделлаштириш (cost modeling), ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, жараёнларни глобал стандартлар билан таққослаш каби кўникмалар ҳам ўргатилмоқда.
Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ. Бу ерда малака ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган. Уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари фаол иштирок этади.
Президент мактабдаги машғулотлар жараёнини кузатиб, талабалар билан суҳбатлашди. Шунингдек, республика ва вилоят фаоллари билан ҳам мулоқот қилди.





