
Шавкат Мирзиёев Глобал ижтимоий адолат фонди ташкил этиш таклифини берди
Ўзбекистон президенти Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида глобал ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар билан чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 ноябр куни Доҳа шаҳрида ўтаётган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Саммитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош Ассамблеяси Раиси Анналена Бербок, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси Лок Баҳодир Тхапа, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.
Шавкат Мирзиёев саммитда камбағалликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги таъкидлади.
– Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш вақти келди деб ҳисоблаймиз, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тенгсизликни камайтиришга амалий кўмак берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этишни таклиф қилди.
Қайд этилишича, барча учун таълим имкониятларини кенгайтириш ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали йўлларидан бири экани таъкидланди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларини ташкил этади.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон БМТ томонидан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги моделини ишга тушириш ниятида эканини маълум қилиб, мазкур тажрибани жаҳон ҳамжамияти билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.





