
Шавкат Мирзиёев Парагвай президенти билан музокара ўтказди
Учрашувда ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, рақамлаштириш, туризм ва спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилди.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай президенти Сантяго Пеня расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси Парагвай раҳбарини самимий қутлар экан, Лотин Америкаси давлати Президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидланди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.
Аввалроқ Парагвай президенти Халқаро автомобил федерацияси Бош ассамблеясида ва федерация шафелигида ўтказиладиган мусобақалар ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этиши ҳам маълум қилинганди.





