
Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги саноат корхоналари фаолиятини кўздан кечирди
Президент Сирдарёга ташрифи давомида фармацевтика ва қадоқлаш саноатининг йирик корхоналаридаги ишлаб чиқариш қувватлари ва янги лойиҳалар билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабр куни Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, сафарни фармацевтика соҳасидаги етакчи «River Med Pharm» корхонасидан бошлади. Мазкур корхона мамлакатда ишлаб чиқарилаётган инфузион эритмаларнинг 20 фоизини тайёрлайди ва юқори стериллик талаб қиладиган тиббий маҳсулотлар бўйича муҳим улушга эга. 30 миллион долларлик инвестиция ҳисобига барпо этилган корхонада 750 нафар киши иш билан таъминланган бўлиб, йилига 114 миллион дона, қиймати 135 миллиард сўмлик дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг 20 фоизи экспорт қилинаётгани корхонанинг халқаро рақобатбардошлигини кўрсатади.
Ноябр ойида ишлаб чиқаришнинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, қувватлар сезиларли равишда кенгайтирилди. Янги линиялар йилига 30 миллион дона инфузион эритма, 70 миллион дона қуруқ антибиотик ва 20 миллионга яқин кўз-бурун томчиларини ишлаб чиқариш имконини беради. Келгусида маҳсулот турлари 200 хилгача кўпайтирилиши, таблетка ва капсула ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ҳамда иш ўринлари мингтага етказилиши режалаштирилган.
Президент вилоят фаоллари ва нуронийлар билан мулоқотда ҳудуддаги иқтисодий ривожланиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича фикр алмашди. У ташаббускорлик ва фаоллик ислоҳотлар самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.
Давлат раҳбари кейинчалик «Сирдарё» эркин иқтисодий зонасида жойлашган «Invest Asia» корхонасида бўлди. Мазкур мажмуа полипропилен қоп, юмшоқ контейнер ва стретч плёнка ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда етакчи саналиб, ички бозордаги маҳсулотларнинг катта қисмини таъминлаб келмоқда. 60 гектар майдонда барпо этилган корхонада 2,5 мингга яқин иш ўрни яратилган бўлиб, қадоқлаш материаллари турли соҳалардаги ишлаб чиқарувчилар учун муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
«Invest Asia» мамлакатда биоаксал йўналтирилган полипропилен плёнка ишлаб чиқарадиган ягона корхона ҳисобланади. Жорий йилнинг 10 ойида 1,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 23 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Президент технологик жараёнлар билан танишиб, ишчилар ва инвесторлар билан мулоқот қилди. Корхонада йил охиригача спанбонд ва мелтблаун мато ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган.
Лойиҳалар тўлиқ қувватга чиққанидан кейин иш ўринлари 10 мингтага етказилиши, полимерларни қайта ишлаш ҳажми 280 минг тоннагача ошиши кутилмоқда. Президент хорижий инвесторлар билан учрашувда ҳар бир инвестиция лойиҳаси ҳудуд ривожига хизмат қилишини таъкидлаб, уларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини билдирди.





