Logo

«Шонли фуқаро» бўлиш учун бериладиган илк ҳужжат Ўзбекистонда нега қиммат?

Бугун 19:486 дақиқа

Ижтимоий тармоқларда биринчи марта ID-карта олиш учун тўланадиган давлат божи масаласи кескин муҳокамалар марказида. Vaqt.uz саккиз давлат мисолида нархларни ўрганиб, шахсни тасдиқловчи ҳужжат қанча туришини таққослади.

«Шонли фуқаро» бўлиш учун бериладиган илк ҳужжат Ўзбекистонда нега қиммат?

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда журналист Дилноза Қурбонованинг «паспорт столи»да илк марта ID-карта олмоқчи бўлган 15–16 ёшлардаги қизалоқ ва унинг отаси билан боғлиқ ҳолат ҳақидаги ёзуви муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Журналист навбатда уст-боши юпун, чеҳраларидан ҳаётнинг оғир заҳматлари ва тирикчилик ташвишлари сезилиб турган ота-онага эътибор қаратган. Улар ёнида эса ҳаётида илк бор шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ID-карта олиш учун келган 15–16 ёшлар атрофидаги қизалоқ турарди.

Бироқ кассадан тўланиши керак бўлган сумма айтилгач, отанинг қўллари титраб кетган. У ҳамёнини очиб, ичидаги пулларни бирма-бир санай бошлаган. Журналистнинг ёзишича, ўша пайтда қиз аввал отасига, кейин эса ерга қараб қолган.

«Ҳамёнини очиб, ичидаги охирги майда пулларини ҳам битта-битта санай бошлади. Ўша сонияларда отанинг изтиробини, қизининг аввал отасига, кейин ерга қараб қолган нигоҳларини кўриб, юрагим зирқиради», — деб ёзади Дилноза Қурбонова Facebook’даги саҳифасига.

Журналист кўтарган масала ортидан бир савол кун тартибига чиқди: вояга етаётган боланинг ҳаётидаги илк шахсни тасдиқловчи ҳужжат учун тўланадиган давлат божи қанчалик адолатли ва бошқа давлатларда бу масалага қандай ёндашилади?

Биринчи ID-карта қанча туради?

Ўзбекистонда биринчи марта ID-карта олиш учун тўланадиган давлат божи ариза топшириш усулига қараб фарқ қилади. Миграция бўлими, Давлат хизматлари маркази ёки консуллик орқали ариза берилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 89 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Ҳозирги БҲМ 412 минг сўм бўлгани сабаб бу 366 минг 680 сўмни ташкил этади.

«my.gov.uz» орқали онлайн ариза топширилганда эса тўлов БҲМнинг 80,1 фоизи этиб белгиланган. Яъни ҳозирда биринчи ID-картани онлайн расмийлаштириш учун 330 минг 12 сўм тўлаш керак.

Ариза бериш усули

Ҳозир

2026-йил 1-сентябрдан

Миграция бўлими, ДХМ ёки консуллик орқали

366 680 сўм

391 600 сўм

«my.gov.uz» орқали

330 012 сўм

352 440 сўм

2025-йил 1 августдан буён БҲМ 412 минг сўм этиб белгиланган. 2026-йил 1-сентябрдан эса унинг миқдори 440 минг сўмга оширилади.

Демак, ID-карта учун белгиланган ставкалар ўзгармаса, Миграция бўлими, Давлат хизматлари маркази ёки консуллик орқали ариза топширилганда давлат божи 391 минг 600 сўмга, «my.gov.uz» орқали топширилганда эса 352 минг 440 сўмга етади.

Агар ID-картада хатолик бўлса, ҳужжат бепул алмаштириб берилади.

Бошқа давлатларда тартиб қандай?

Ўзбекистонда биринчи ID-карта учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган бўлса, айрим қўшни давлатларда фуқароларга илк шахсни тасдиқловчи ҳужжатни олишда бошқача тартиб қўлланилади.

Қозоғистон. Қозоғистонда 2026-йил 1-январдан бошлаб 16 ёшга тўлган ҳар бир фуқарога ID-картани биринчи марта расмийлаштириш ва унинг амал қилиш муддати тугагач янгилаш бепул бўлди. Шунингдек, ҳужжатни биринчи марта 18 ёшдан кейин олаётганлар, Қозоғистон фуқаролигини қабул қилганлар учун ва айрим бошқа ҳолатларда ҳам давлат божи текин.

Ташаббус фуқароларнинг молиявий юкини камайтириш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини соддалаштиришга қаратилган.

Қирғизистон. Қирғизистонда ID-картани биринчи марта олаётган фуқаролар ҳужжатни одатий тартибда 12 иш куни ичида 1 103 қирғиз сомига расмийлаштириши мумкин. Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 12,6 доллар ёки 149 минг ўзбек сўмига тенг. 

Ҳужжатни тезлаштирилган тартибда олиш қимматроқ:

Тайёрлаш муддати

Нархи

Долларда

Ўзбек сўмида

12 иш куни

1 103 сом

12,6 доллар

149 минг сўм

8 иш куни

2 720 сом

31,1 доллар

368 минг сўм

4 иш куни

3 302 сом

37,8 доллар

447 минг сўм

2 иш куни

3 808 сом

43,5 доллар

516 минг сўм

3 соат, Бишкек

8 177 сом

93,5 доллар

1,1 млн сўм

Демак, Қирғизистонда биринчи ID-картани одатий тартибда расмийлаштириш нархи Ўзбекистондаги 366 минг 680 сўмлик амалдаги давлат божидан қарийб 2,5 баравар арзон.

Тожикистон. Тожикистонда фуқаронинг ID-картасини расмийлаштириш учун 10 доллар миқдорида тўлов белгиланган. Маблағ тўлов амалга оширилган кундаги курс бўйича миллий валюта — сомонийда ундирилади. 

Ҳужжатни расмийлаштириш муддати 15 кунгача этиб белгиланган. Ўзбекистон Марказий банкининг 21-августдаги расмий курси бўйича 10 доллар тахминан 118 минг ўзбек сўмига тенг. Бу Ўзбекистонда ундирилаётганидан қарийб 3,1 баравар арзон.

Туркманистон. Туркманистонда алоҳида миллий ID-карта мавжуд эмас, фуқароларнинг асосий шахсини тасдиқловчи ҳужжати биометрик паспорт ҳисобланади.

Давлат миграция хизмати маълумотига кўра, биометрик паспортни расмийлаштириш учун давлат божи 60 манат этиб белгиланган. Бу қора бозор курсида тахминан 3,2 доллар ёки 37 минг ўзбек сўмига тенг. 16 ёшга етмаган болалар эса бу тўловдан озод этилади. Бу Ўзбекистонга қараганда қарийб 10 баробар арзон дегани.

Россия. Россияда фуқаролар 14 ёшга тўлгач ички паспорт олади. Биринчи марта паспорт расмийлаштириш учун давлат божи 300 рубл этиб белгиланган.

Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 3,6 доллар ёки 42 минг ўзбек сўмига тенг. Яъни Россияда биринчи паспортни олиш Ўзбекистонда ID-карта учун ундирилаётган суммадан қарийб 8,7 баравар арзон.

Россия Солиқ кодексига кўра, 300 рубллик давлат божи паспорт биринчи марта берилганда ҳам, белгиланган тартибда алмаштирилганда ҳам қўлланилади. Паспорт йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган бўлса, тўлов 1 500 рублни ташкил этади.

Туркия. Туркияда фуқароларга бериладиган асосий шахсни тасдиқловчи ҳужжат — «Türkiye Cumhuriyeti Kimlik Kartı». 2026-йилда унинг белгиланган нархи 220 турк лираси, яъни тахминан 5 доллар ёки 59 минг ўзбек сўми тўланади.

Бироқ бола туғилгани қонунда белгиланган муддатда рўйхатга олиниб, унга биринчи кимлик картаси расмийлаштирилса, бунинг учун тўлов ундирилмайди. Муддатдан ташқари расмийлаштирилган ёки алмаштириш сабабли берилган кимлик картаси эса 220 лира туради.

Озарбайжон. Озарбайжонда фуқароларга шахсни тасдиқловчи гувоҳнома 15 ёшдан берилади. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ID-картани одатий тартибда 10 кун ичида расмийлаштириш учун 5 манат давлат божи ундирилади.

Бу ҳозирги курс бўйича тахминан 3 доллар ёки 35 минг ўзбек сўмига тенг. Яъни Озарбайжонда биринчи ID-картани одатий тартибда олиш Ўзбекистондаги 366 минг 680 сўмлик тўловдан қарийб 10,5 баравар арзон.

Ҳужжатни тезлаштирилган тартибда олиш қимматроқ: 3 иш кунида — 50 манат, бир иш кунида эса 70 манат.

Гуржистон. Грузияда фуқаро 14 ёшга тўлгач, олти ой ичида шахсни тасдиқловчи электрон ID-карта олиши шарт. Грузия Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, ҳужжатни одатий тартибда, 10 иш кунида расмийлаштириш 60 грузин лариси туради.

Бу тахминан 22 доллар ёки 260 минг ўзбек сўмига тенг. Демак, Грузияда ID-картани одатий тартибда олиш Ўзбекистондаги 366 минг 680 сўмлик тўловдан қарийб 1,4 баравар арзон.

16 ёшли бола 366 минг сўмни қаердан олади?

Юқорида саккизта давлатдаги тартибларни солиштирдик. Кўриниб турибдики, айрим мамлакатларда фуқаро ҳаётидаги илк шахсни тасдиқловчи ҳужжат бепул берилади, айримларида эса бунинг учун тўлов олинади. Лекин биз кўриб чиққан давлатларнинг барчасида бу харажат Ўзбекистондагидан паст.

Энди савол яна ўзимизга қайтади: 16 ёшли боланинг ўзида 366 минг сўм қаердан бўлсин?

Албатта, кимдир учун бу катта пул эмас, аммо ҳамманинг ҳам имконияти ҳар хил. Ўзбекистонда камбағаллик чегараси бир киши учун ойига 715 минг сўм этиб белгиланган бир пайтда, 366 минг сўм айрим оилалар учун ярим ойлик камбағаллик чегарасига тенг харажат. 

Аслида, бу ерда ҳамма учун ID-картани арзонлаштириш ёки текин қилиш ҳақида гап кетмаяпти. Гап ҳаётида илк марта, 16 ёшида шахсини тасдиқловчи ҳужжат олаётган ўғил-қизлар ҳақида. Уларнинг ўз даромади йўқ, бу пул барибир ота-онанинг чўнтагидан чиқади.

2023-йилда янги таҳрирда қабул қилинган конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат деб белгиланган. Балки шу ижтимоийлик айнан шундай жойда ҳам кўриниши зарур. Ҳеч бўлмаганда биринчи марта ID-карта олаётган 16 ёшли болалар учун бу тўловни бепул қилиш ёки кескин арзонлаштириш керак. 






Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 190

Барчаси

Мавзуга оид