Logo

Ўзбекистонда пул йиғишда аёллар етакчи — Марказий банк

Регулятор маълумотларига кўра, аёлларнинг 6 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд, мамлакат бўйича умумий кўрсаткич эса 4 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистонда пул йиғишда аёллар етакчи — Марказий банк © currenttime.tv

Ўзбекистонда жамғариш учун ихтисослашган маҳсулотлар бўйича аёллар орасидаги кўрсаткич юқори ҳисобланади. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йил учун молиявий оммабоплик бўйича илк ҳисоботида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, аёлларнинг базавий банк маҳсулотларидан фойдаланиш даражаси мамлакат бўйича умумий кўрсаткичга деярли тенг. Вояга етган аёлларнинг ҳам, катта ёшли аҳолининг ҳам 86 фоизи банк ҳисобварағига эга. Шунингдек, аёлларнинг 6 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд, мамлакат бўйича умумий кўрсаткич эса 4 фоизини ташкил этади.

Бироқ банкларда амалдаги кредит ҳисобварағига эга аёллар улуши 19 фоиз бўлиб, умумий кўрсаткичдан бир фоиз бандга паст.

Шу билан бирга, 2025 йилда ажратилган янги чакана кредитлар ҳажмининг 35 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келди. Чакана кредит портфели қолдиғида эса уларнинг улуши 38 фоизни ташкил этди.

Қарз олувчиларнинг 29 фоизида биттадан ортиқ кредит мавжуд

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда 29 фоиз, яъни деярли ҳар учинчи қарз олувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитдан фойдаланади, ҳар бир мижозга эса ўртача 1,7 та кредит тўғри келади. Регулятор бу кўрсаткич аҳоли орасида бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитдан фойдаланиш амалиёти кенг тарқалаётганини кўрсатишини қайд этди.

Қайд этилишича, мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг 20 фоизи банкларда амалдаги кредит ҳисобварағига эга. Яна 7 фоиз аҳоли тартибга солинадиган микромолия ташкилотларида фаол кредит ҳисобварағидан фойдаланади.

Аҳоли кредитларида муаммоли қарзлар улуши эса 3 фоизни ташкил этмоқда. Марказий бангга кўра, уларни қоплаш учун банк тизимида етарли захиралар шакллантирилган.

Шу билан бирга, регулятор амалдаги чекловлар ҳали тўлиқ бартараф этилмаганини қайд этди. Хусусан, кредитлар қиймати, шартларнинг шаффофлиги ва тушунарлилиги, шунингдек, тўлов миқдори ва жадвалининг қарз олувчининг молиявий имкониятларига мослигига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Марказий бангга кўра, сифатли кредитлаш фақат кўпроқ кредит ажратиш билан эмас, балки кредитнинг мижоз эҳтиёжларига мослиги ва қарз олувчи учун ортиқча қарз юкини келтириб чиқармаслиги билан баҳоланади.

Қишлоқ аҳолисининг атиги 1 фоизида жамғарма бор

Қишлоқ аҳолиси орасида жамғарма маҳсулотларидан фойдаланиш даражаси жуда паст. Қишлоқда яшовчи катта ёшли аҳолининг атиги 1 фоизи жамғарма ёки муддатли ҳисобварағига эга. Бу мамлакат бўйича қайд этилган 4 фоизлик ўртача кўрсаткичдан тўрт баробар паст.

Бу ҳолат қишлоқ ҳудудларида аҳолининг банк тизимига кириши билан бирга, маблағларни жамғаришга мўлжалланган молиявий маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам чекланганини кўрсатади.

Мавжуд банк ҳисобварақларидан фойдаланиш фаоллиги бўйича қишлоқ аҳолиси мамлакат ўртача кўрсаткичидан деярли фарқ қилмайди. Қишлоқ аҳолисига тегишли банк ҳисобварақларининг 32 фоизи нофаол бўлса, мамлакат бўйича катта ёшли аҳоли ҳисобварақларида бу кўрсаткич 34 фоизни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг муаммоли кредитлари (НПЛ) 4 трлн 887 млрд сўмга ошиб, 22 трлн 943 млрд сўмга етганлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда пул йиғишда аёллар етакчи — Марказий банк | Vaqt.uz