
Шошилинч қутқарув хизматлари: барча билиши муҳим бўлган телефон рақамлари (рўйхат)
Фавқулодда вазиятларда керакли қутқарув хизматга ўз вақтида қўнғироқ қилиш жуда муҳим. Хўш, сиз бундай хизматларнинг қисқа рақамларини ёддан биласизми?

Фавқулодда вазиятларда зарур қутқарув хизматга ўз вақтида қўнғироқ қилиш жуда муҳим. Чунки бундай пайтда бир неча дақиқа инсон ҳаёти, соғлиги ёки мол-мулкини сақлаб қолиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир фуқаро энг муҳим хизматларнинг телефон рақамларини билиши ва контактларига сақлаб қўйиши керак.
Шошилинч ҳолатларда одам кўпинча қаерга мурожаат қилишни билмай қолади ёки керакли рақамни эслай олмайди. Ҳозирча Ўзбекистонда АҚШдаги 911 ёки Россиядаги 112 рақами каби ягона шошилинч қутқарув рақами йўқ. Ҳар бир қутқарув хизматига алоҳида қисқа рақамлар бириктирилган. Шу сабабли энг керакли хизматлар рақамларини олдиндан билиб қўйиш ва телефон хотирасига сақлаб қўйиш фойдадан холи эмас.
Энг муҳим телефон рақамлари
101 — Тасаввур қилинг, ён-атрофингизда ёнғин чиқди ёки тутун ҳиди келди. Бундай пайтда вақтни бой бермасдан 101 рақами орқали ўт ўчириш хизматига қўнғироқ қилиш зарур.
102 — Жамоат тартиби бузилиши, жиноят, ўғрилик ёки жанжаллар юз берганда 102 — ички ишлар органига қўнғироқ қилинади.
103 — Инсон саломатлигига таҳдид туғилганда 103 рақамига қўнғироқ қилиниб, тез тиббий ёрдам хизмати чақирилади.
104 — Табиий газ билан боғлиқ муаммолар ҳам катта хавф туғдириши мумкин. Газ ҳиди сезилганда, қувур ёки жиҳозларда носозлик аниқланса, дарҳол 104 — газ хизматига мурожаат қилиш тавсия этилади.
1050 — Табиий офатлар, авариялар ёки қутқарув ишлари талаб этилган ҳолатларда 1050 — қутқарув хизмати ишлайди.
1157 — Табиатга зарар етказиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун 1157 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
1159 — Истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган фуқаролар эса 1159 — Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Call-марказига мурожаат қилишлари мумкин.
1001 — Кундалик ҳаётда керак бўладиган маълумот хизматлари ҳам мавжуд. 1001 рақами орқали об-ҳаво ҳақида маълумот олиш мумкин.
1004 — рақами орқали эса аниқ вақтни билиш мумкин.
1009 — хизмати эса турли ташкилотлар манзили, телефон рақамлари, тадбирлар жадвали ва бошқа зарур маълумотларни тақдим этади.
1054 — Коммунал соҳада муаммолар юзага келганда «Сувсоз» ДУК авария хизматига қўнғироқ қиласиз.
1347 — Иссиқлик ёки иссиқ сув таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича қўнғироқ қилинадиган рақам.
1069 — Дорихона ва дори-дармонларни топиш учун 1069 ёки (78) 140-19-19 рақамлари хизмат қилади.
Унутманг! Ушбу рақамларни эслаб қолиш ёки телефон хотирасига сақлаб қўйиш ҳар қандай вазиятда асқатади.
Теглар






