
Швейцария Трампга шахсий совғалар бериб, божларни пасайтирди — Axios
Швейцария АҚШ президенти Доналд Трампнинг шахсий таъбини инобатга олган ҳолда, унга қимматбаҳо совғалар тақдим этиб, мамлакат маҳсулотларига жорий этилган юксак божларни пасайтиришга эришди.

Бу ҳақда Axios нашри хабар берди.
4 ноябрь куни АҚШга келган Швейцариянинг йирик саноат компаниялари вакилларидан иборат делегация Трампга шахсан Rolex брендининг стол соатини ҳамда 1 килолик персонал олтин қуймасини совға қилган. Олтин қуймасига Трампнинг АҚШдаги аввалги ва жорий президентлик муддати саноғини билдирувчи «45» ва «47» рақамлари муҳрланган.
Axios маълумотларига кўра, делегация Трампга АҚШдаги инвестициялар ҳақида ваъдалар берган, унинг «олтин, шон-шараф ва бизнес элиталарга бўлган муҳаббати»ни ҳисобга олган ҳолда, бу совғалар билан сиёсий илтифот қозонган. Журналистлар ёзишича, Трамп бу ҳаракатни илиқ қабул қилган.
Натижада, фақат бир неча кун ўтиб, АҚШ Швейцария маҳсулотларига жорий этган жуда юқори 39 фоизлик божни 15 фоизгача пасайтирган. Трамп бу божларни август ойида, жами 64 та давлатга нисбатан жорий қилган эди. Европада бу энг юқори бож ставкаси ҳисобланган.





