add

Швейцарияда жуда бой меросга нисбатан солиқ жорий этиш рад этилди

01.12.2025 | 15:252251 дақиқа

Швейцарияда 50 миллион франкдан юқори меросга 50 фоизлик солиқ жорий этиш таклифи рад этилди.

Швейцарияда жуда бой меросга нисбатан солиқ жорий этиш рад этилди

Референдумда сайловчиларнинг 78 фоизи ташаббусга қарши чиқди. Бу натижа жамоатчилик сўровларида кутилгандан анча юқори бўлиб, мамлакатда бойликни қайта тақсимлаш масаласининг қай даражада тортишувли эканини кўрсатди. Овоз бериш жараёнини банк секторидаги экспертлар диққат билан кузатди.

Швейцария дунёдаги энг қиммат шаҳарлар жойлашган давлат сифатида танилган ва турмуш нархининг ошиб бориши сиёсий муҳокамаларнинг марказига айланган. Юксак харажатлар фонида бойликка солиқ жорий этиш ғояси жамоатчиликда қизғин баҳслар уйғотганди.

Мазкур ташаббусни ёш социал-демократлар қаноти – JUSO илгари сурган бўлиб, ундан тушадиган солиқ маблағлари иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланган эди. Ташаббус танқидчилари эса бундай солиқ бадавлат аҳолининг мамлакатдан чиқиб кетишига, натижада умумий солиқ тушумларининг қисқаришига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Швейцария ҳукумати ҳам овоз бериш олдидан аҳолини таклифни рад этишга чақирди. Натижада ташаббус жиддий устунлик билан қўллаб-қувватланмади ва мамлакатда бойликка юқори солиқ жорий этишга оид муҳокамалар ҳозирча якунига етди.

Теглар

Мавзуга оид