
Швейцарияда Трампга берилган қимматбаҳо совғалар бўйича текширув талаб қилинмоқда
Швейцария парламенти аъзолари АҚШ президенти Доналд Трампга берилган олтин қуймаси ва Rolex соати камайтирилган тарифлар билан боғлиқ манфаатдорликка ишора қилаётганини айтиб, прокуратурадан жиноят ишини қўзғатишни талаб қилмоқда.

Швейцарияда АҚШ президенти Доналд Трамп билан боғлиқ қимматбаҳо совғалар атрофида йирик сиёсий можаро келиб чиқди. Мамлакат парламентининг икки депутати — Грета Гисин ва Рафаэл Маҳайем федерал прокуратурага мурожаат қилиб, Трампга топширилган 150 минг доллар қийматидаги совғаларни «яширин пора» деб баҳолаш мумкин-мумкин эмаслигини текширишни талаб қилди. Bloomberg манбаларига кўра, Трампга берилган жиҳозларга камида 100 минг франклик олтин қуйма ва 25 минг франклик Rolex соати киради.
Совғалар август ойида АҚШ маъмурияти швейцариялик ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 39 фоизлик жазоловчи тарифларни жорий қилганидан сўнг топширилган. Бундай босим остида қолган экспортга таянадиган иқтисодиёт учун вазият ўта мураккаб эди. Ноябр бошида Швейцария компаниялари раҳбарлари Овал кабинетга таклиф қилинган ва айнан шу учрашувда қимматбаҳо тақдимотлар амалга оширилган эди. Расмий Берн ушбу ташрифдан хабардор бўлган, ҳатто ташкилий жараёнда иштирок этгани маълум қилинган.
Депутатлар ўз мурожаатида «оддий фуқаро бу каби қимматбаҳо совғаларнинг қонунийлигига ҳақли равишда шубҳа билдириши мумкин», деб қайд этган. Уларга кўра, бизнесменлар томонидан берилган «ҳадялар» Трамп маъмуриятини швейцариялик ишлаб чиқарувчилар учун юзага келган музлатилган музокараларни очишга ундаш воситаси бўлган бўлиши мумкин.
Совға берилганидан кейин атиги икки ҳафта ўтгач, АҚШ Швейцарияга нисбатан тарифларни 39 фоиздан 15 фоизгача туширди. Эвазига Швейцария компаниялари келаси беш йил ичида АҚШ иқтисодиётига 200 млрд доллар инвестиция киритишга ваъда берди. Ҳозирда икки давлат кенг қамровли савдо келишуви бўйича музокараларни давом эттирмоқда.
Швейцария Бош прокуратураси мурожаатни қабул қилганини тасдиқлади, аммо ҳозирча жиноят иши очиш ҳақида қарор қабул қилинмаган. Оқ уй эса вазият юзасидан ҳали ҳеч қандай изоҳ бермади.





