
Сирдарёдаги инфратузилма муаммоларини ҳал қилиш учун 100 млн доллар ажратилади
Президент топшириғига кўра бу маблағлар вилоятдаги электр, йўл, сув, канализация ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун ишлатилади.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида 2025 йилда вилоят аҳолисининг турмушини яхшилаш учун 100 миллион доллар ажратилгани қайд этилди.
Қайд этилишича, мазкур маблағлар эвазига 47 та мактаб, 45 та боғча, 31 та тиббиёт муассасаси, 5 та спорт ва маданият маскани тўлиқ таъмирдан чиқарилиб жиҳозланди. Шунингдек, 87 километр тармоқ тортилгани учун Гулистон шаҳридаги 22 минг хонадонга ичимлик сув узлуксиз боряпти.
2025 йил якунигача яна 9 километр янги тармоқ ўтказилиб, Мирзаобод, Сардоба, Боёвут, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳридаги 12 минг хонадон доимий ичимлик сув билан таъминланиши айтилди.
Таъкидланишича, бу ишлар давом эттирилиб, вилоятдаги электр, йўл, сув, канализация ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун келаси йил яна 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди.
Бундан ташқари, яқинда Қозоғистон билан старт берилган Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказида 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлайди. 2026 йилда яна 720 миллион долларлик 40 та янги лойиҳалар жойлаштирилади.





