
Сўнгги шоҳнинг ўғли: Исён кўтарган эронликлар исмини баралла айтаётган Ризо Паҳлавий ким ўзи?
Бутун Эрон бўйлаб давом этаётган норозилик намойишларининг кўплаб иштирокчилари мамлакатга Ризо Паҳлавийни — айни пайтда сургунда яшаётган сўнгги Эрон шоҳининг ўғлини қайтаришга чақирмоқда. Паҳлавийнинг ўзи ҳам эронликларни кўчаларга чиқиб, оятуллоҳлар ҳокимиятига қарши туришга ундади. Хўш, собиқ тахт вориси ҳақида нималар маълум ва у Эронда қанчалик машҳур?

Валиаҳд шаҳзода Ризо Паҳлавий гўдаклигиданоқ вақти-соати келиб отасининг тахтига ўтириш учун тарбияланган. Бироқ 1979 йилда мамлакатда Ислом инқилоби юз берди. Би-би-си Форс хизмати эълон қилган мақолага кўра, ўша пайтда 19 ёшни қаршилаган Ризо Паҳлавий АҚШда ҳарбий учувчилик йўналишида таҳсил олаётган эди.
Валиаҳд шаҳзода олис Америкада туриб, тахтдан ағдарилган отаси Муҳаммад Ризо Шоҳ Паҳлавийнинг мамлакатдан қочгани, хориждан бошпана излагани ва кўп ўтмай — 1980 йилдаёқ Мисрда саратон хасталигидан вафот этганини кузатишга мажбур бўлди. Оқибатда валиаҳд шаҳзода ва унинг оила аъзолари бир зумда ватансиз қолиб, сургун ҳаётини бошлади.
Кейинги бир неча ўн йиллик давомида шоҳ оиласида икки бор мудҳиш фожиа юз берди. Ризонинг синглиси ва укаси ўз жонига қасд қилди ва у кўпчилик тарих саҳифаларидан буткул ўрин олди деб ҳисоблаган сулоланинг ягона рамзий раҳбарига айланди.
Аммо ҳозирда 65 ёшли Ризо Паҳлавийда ўз мамлакати келажагини шакллантиришда муайян рол ўйнаш борасида яна умид уйғонди.
У АҚШда, Вашингтон чеккасидаги тинч ҳудудлардан бирида яшайди. Тарафдорларининг сўзларига кўра, Паҳлавий камтарона, лекин жуда очиқ ҳаёт кечиради: маҳаллий кафеларга тез-тез чиқиб туради, одатда ёнида рафиқаси ҳамроҳлик қилади ва бу жараёнда ҳеч қандай кўзга ташланадиган қўриқчилар бўлмайди.
2022 йилда, Эрондаги аввалги норозилик намойишлари тўлқини пайтида ундан ўзини ватандаги исёнкор ҳаракатлар етакчиси сифатида кўриш-кўрмаслиги ҳақида сўрашганда у ва рафиқаси Ясмин бараварига: «Ўзгаришлар ичкаридан бошланиши керак!» дея жавоб беришган.
Бироқ сўнгги пайтларда унинг баёнотларидаги оҳанг янада қатъий тус олди. Исроилнинг ўтган йили Эронга йўллаган зарбаларидан сўнг, Ризо Паҳлавий Париждаги матбуот анжуманида агар Ислом Республикаси қулайдиган бўлса, ўтиш даври ҳукуматига раҳбарлик қилишга тайёр эканини билдирди. Шундан сўнг у мазкур муваққат ҳукуматнинг дастлабки 100 кунлик иш режасини баён қилди.
Паҳлавийнинг тушунтиришича, ундаги бу ортиб бораётган ўзига бўлган ишонч сургунлик ҳаёти давомида орттирган сабоқлари ҳамда отасининг ишини давом эттириш истагига таянади.
«Гап ўтмишга қайтиш ҳақида кетаётгани йўқ. Асосий мақсад барча эронликлар учун демократик келажакни таъминлашдан иборат», - деди у Парижда журналистларга.
Шоҳлик даври бўйича баҳслар
Сургунлик йилларида Ризо Паҳлавий эронлик монархия тарафдорлари учун муҳим рамзий шахс бўлиб қолди. Кўплаб эронликлар учун Паҳлавийлар даври модернизация ва Ғарб билан яқин алоқалар ўрнатилган давр саналса, бошқалар уни цензура ҳамда шоҳнинг махфий полицияси — САВАК томонидан амалга оширилган қатағонлар замони сифатида эслайди.
1980 йилда Ризо Паҳлавий Мисрда ўзининг тож кийиш маросимини ўтказиб, ўзини шоҳ деб эълон қилди. Ушбу маросим амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлмаса-да, бугунги кунда Паҳлавийнинг мухолифлари айнан ўша воқеа унинг демократик ислоҳотлар ҳақидаги ҳозирги баёнотлари самимийлигига шубҳа уйғотишини таъкидламоқда.
Ризо Паҳлавий бир неча бор хориждаги Эрон мухолифати коалициясини шакллантиришга уринган. Масалан, 2013 йилда у Эронда эркин сайловлар ўтказиш бўйича Миллий кенгаш тузилганини эълон қилди. Аммо бундай коалициялар, одатда, ички келишмовчиликлар туфайли парчаланиб кетар ва Эроннинг ўзида сезиларли таъсирга эга бўлмас эди.
Шу билан бирга, сургундаги бошқа баъзи Эрон ташкилотларидан фарқли ўлароқ, Паҳлавий ҳар доим қуролли ҳаркатларни рад этиб келган. Паҳлавий бир неча бор ҳокимиятнинг тинч йўл билан алмашиши ҳамда Эроннинг келажакдаги сиёсий тузилиши бўйича референдум ўтказишга чақирган.
Сўнгги йилларда Эронда Паҳлавийлар сулоласи тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Хусусан, 2017 йилдаги норозилик намойишларида одамлар Ризо Паҳлавийнинг бобоси — Ризо шоҳ исмини баралла айта бошлади.
2022 йил кузида ахлоқ полицияси томонидан Маҳса Аминийнинг ўлдирилиши бутун Эрон бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди ва Ризо Паҳлавий номи яна янгиликлар сарлавҳаларига қайтди. У тарқоқ Эрон мухолифатини бирлаштиришга уринди ва бу билан хорижий ҳамжамият эътиборини маълум маънода торта олди, бироқ якунда ушбу фурсатдан тўлақонли фойдалана олмади.
Ризо Паҳлавийнинг мухолифлари унинг қирқ йиллик сургун ҳаёти давомида на ҳаётий қувватга эга ташкилот, на мустақил Эрон оммавий ахборот воситасини ярата олганини таъкидлашади.
2023 йилда у Исроилга сафар қилиб, Холокост қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирда қатнашди ва бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашди. Ушбу ташриф яна қизғин баҳсларга сабаб бўлди: айрим эронликлар буни исроилликлар билан алоқаларни тиклаш йўлидаги прагматик уриниш деб баҳолаган бўлса, бошқалари бундай қадам араб ва мусулмон иттифоқчиларни узоқлаштиради деб ҳисоблади.
Исроилнинг Эронга яқинда берган зарбаларидан сўнг, Ризо Паҳлавий қийин саволларга жавоб беришига тўғри келди. Би-би-си журналисти Лора Кюнсберг ундан Исроилнинг Эронга зарбаларини — ҳатто улар оқибатида тинч аҳоли зарар кўриши мумкин бўлса-да — қўллаб-қувватлаш ёки қўллаб-қувватламаслигини сўради.
У тинч аҳоли нишонга олинмаганини ва Эрондаги ҳокимиятни заифлаштирадиган ҳар қандай ҳаракат кўпчилик, жумладан, Эрон ичидагилар томонидан ҳам мамнуният билан қаршиланишини билдирди. Унинг ушбу баёноти атрофида яна қизғин баҳс-мунозаралар авж олди.
Тарафдорлар ва танқидчилар
Ризо Паҳлавий тарафдорлари уни Эрон мухолифати ичида дунё миқёсида танилган ва тинч йўл билан ўзгаришлар қилиш тарафдори бўлган ягона шахс деб ҳисоблайди. Танқидчилар эса унинг хорижга ҳаддан ташқари боғланиб қолганини ва Эрон аҳолиси муҳожирликдан келган етакчига ишониши амримаҳол эканини айтади.
Бугунги кунда Ризо Паҳлавийнинг мамлакатда аслида қанчалик машҳур эканини аниқлашнинг имкони йўқ, чунки Эронда мустақил ижтимоий сўровномалар ўтказилмайди. Кимдир ҳали ҳам Паҳлавийлар сулоласини ҳурмат билан хотирласа, бошқаларга ҳеч ким томонидан сайланмаган бир йўлбошчини, ҳатто у демократик шиорлар остида келса ҳам, бошқасига алмаштириш ғояси маъқул келмайди.





