ССВ сохта табиблардан эҳтиёт бўлишга чақирди

08.08.2025 | 15:303 дақиқа

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда рухсатсиз даволаш билан шуғулланаётган шахслар сони ортиб, аҳоли саломатлигига хавф солаётганини маълум қилди.

ССВ сохта табиблардан эҳтиёт бўлишга чақирди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан эҳтиёт бўлишга чақирди. Вазирлик маълумотига кўра, охирги вақтларда лицензиясиз, рухсат этилмаган усуллар орқали касалликларга ташхис қўйиб, даволаш билан шуғулланаётган шахслар сони кўпайган. Бу ҳолат аҳоли саломатлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда. Айниқса, ўзларини «ғайритабиий қобилиятларга эга» сифатида кўрсатаётган ва уй шароитида тез, асоратсиз, табиий йўл билан даволашни ваъда қилаётган кимсалар турли йўллар билан одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай клиник синовдан ўтмаган «хизмат»ларни таклиф қилмоқда. ССВ таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар бундай шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилаётган асосий майдонга айланмоқда. Қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиёт протоколларига тўғри келмайди ва расмий клиник стандартларга мувофиқ эмас. Вазирлик бу каби шахсларга ҳеч қандай лицензия берилмаганини, фақат расмий рухсатга эга муассасалар хизматидан фойдаланиш зарурлигини билдирди.Расмий маълумотга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда халқ табобати йўналишида 150 та тадбиркорлик субъекти лицензия асосида иш юритмоқда. 2024 йил давомида 38 та юридик шахс лицензиясиз тиббий фаолият учун БҲМнинг 300 баравари миқдорида жарима тўлаган. 2025 йил 1 июл ҳолатига эса 24 та юридик шахс шундай ҳуқуқбузарлик учун молиявий жаримага тортилган. Вазирлик аҳолини фақат расмий лицензияга эга тиббиёт муассасалари ва мутахассислар хизматларидан фойдаланишга, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали таклифларга ишонмасликка чақирди.

Теглар

Мавзуга оид