Стажёрликдан раҳбарликкача: Click ходимлар салоҳиятини қандай ривожлантирмоқда?
Ёш мутахассис учун илк иш тажрибасини орттириш осон эмас. Иш берувчилар амалий кўникма талаб қилади, ишга кирмасдан туриб эса бундай кўникмани эгаллаш қийин. Ишлаётган ходимлар ҳам баъзан компанияда қандай ўсиши, бунинг учун нималарни ўрганиши кераклигини аниқ билмайди. Click бу икки масалага тизимли ёндашмоқда.

Компания ташқи меҳнат бозоридан тажрибали мутахассисларни жалб этиш билан бирга, талабалар, стажёрлар ва ўз ходимларининг салоҳиятини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратмоқда. Young Wave ва Build Not Buy лойиҳалари айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Young Wave билан касбга илк қадам
Young Wave доирасида Click олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб, талабалар билан амалий билимларини улашади. Компания ходимлари контент яратиш ва омма олдида нутқ сўзлаш бўйича машғулотлар ўтказади, кейин эса стажёрларга устозлик қилади. Иштирокчилар ўқув машқлари билан чекланмай, компаниянинг ҳақиқий иш вазифаларини бажаради. Жамоа эса уларни қўллаб-қувватлаб, фикр-мулоҳаза билдиради.
12 та олий таълим муассасасининг талабалари компания элчиларига айланди, стажёрлик дастурига минглаб аризалар келиб тушди. Стажёрларнинг бир қисми эса аллақачон Click жамоасига қўшилди. Биз учун бу ёш мутахассисларни жалб қилиш билан бирга, уларнинг касбга илк қадам қўйишига кўмаклашиш имконияти ҳамдир.
«Ҳар куни миллионлаб одамлар фойдаланадиган маҳсулот устида ишладим. Илк бор ўқув топшириғи учун эмас, амалий лойиҳа учун код ёздим», — дейди Click стажёри Камилла Даурова.
«Young Wave биз учун ёш авлод билан мулоқот қилиш имконияти. Биз тажрибамизни улашамиз, улардан эса янгича қарашлар, дадил ғоялар ва очиқ фикр-мулоҳазалар оламиз. Бу жараёнда бир-биримиздан ўрганамиз», — дейди Click ички коммуникациялар ва иш берувчи обрўсини ривожлантириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Иля Исмоилов.
Build Not Buy билан касбий ўсишнинг аниқ йўли
Ходимнинг касбий ўсиши фақат омадли тасодиф ёки раҳбарнинг шахсий фикрига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак. Шу сабабли Click компания қадриятларига таянган ўз баҳолаш тизимини ишлаб чиқди. Бу тизим ходимга кучли томонларини кўриш, конструктив фикр-мулоҳаза олиш ва аниқ қадамлардан иборат шахсий ривожланиш режасини тузишга ёрдам беради.
Ўнлаб ходимлар аллақачон лавозимда кўтарилди ёки янги ролларга ўтди. Улар орасида стажёрликдан етакчи мутахассис даражасигача ўсганлар ҳам, ўзини бошқа йўналишда синаб кўрганлар ҳам бор. Муҳими, бу йўлни босиб ўтган ходимлар энди ҳамкасбларига ўзлари устозлик қилмоқда.
«Ҳар бир ходим Click’да қандай ўсиши мумкинлигини ва бунинг учун қайси кўникмалар кераклигини билишини истаймиз. Build Not Buy касбий мақсадларни аниқ режага айлантиради», — дейди Click ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи Диёрa Муҳамеджанова.
«Касбий ўсишинг тасодиф эмаслигини, унга қандай эришиш мумкинлигини кўрсанг, ишга муносабатинг ҳам ўзгаради. Баҳолаш орқали кучли томонларимни ҳам, қайси жиҳатлар устида ишлашим кераклигини ҳам билдим. Ривожланиш режаси эса бунинг учун аниқ қадамларни белгилаб берди. Бугун илгари фақат орзу қилган лойиҳаларимни бошқаряпман», — дейди Click лойиҳалар бўйича бош менежери Хондамир Муталов.
Истеъдодларни ривожлантиришнинг ягона тизими
Бу икки лойиҳа бир-бирини тўлдиради. Young Wave ёшларга илк касбий тажрибани беради, Build Not Buy эса компания ичида кейинги босқичларга ўсиш имконини яратади. Шу тариқа ривожланиш жараёни узлуксиз давом этади: тажриба орттирган ходим вақт ўтиб янги авлод мутахассисларига ўзи устозлик қила бошлайди. Ушбу ёндашув асосида Staff as Hero ғояси ётади. Унга кўра, компаниянинг энг катта бойлиги — унинг ходимлари.
EMBRAS халқаро мукофотидаги эътироф
2026-йилнинг октябр ойида ҳар икки лойиҳа EMBRAS халқаро мукофотида олтин совринни қўлга киритди. Young Wave «Ёшлар вектори», Build Not Buy эса «Истеъдодларни ривожлантириш» номинациясида ғолиб бўлди.
Маълумот учун, EMBRAS (Employer Brand Award) — 2018-йилдан буён ўтказиб келинаётган, иш берувчи бренди соҳасидаги халқаро мукофот. Бу йил беш мамлакатдан 35 та номзод компания мукофот учун курашди. Лойиҳаларни Буюк Британия ва Германиядан тортиб Сингапур ва Жанубий Африка Республикасигача бўлган 25 мамлакатнинг 29 нафар экспертидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати баҳолади. Тақдирлаш маросими 23-октябр куни Тошкентда бўлиб ўтди.
«Биз учун ташқи меҳнат бозоридан кучли мутахассисларни жалб қилиш ва ўз жамоамизни ривожлантиришга бирдек эътибор бериш муҳим. Малакали кадрлар учун рақобат кучли эканини биламиз, шу сабабли фақат ташқаридан ходим ёллашга таяниб қола олмаймиз. Қолаверса, жамоамизда салоҳияти катта инсонлар бор. Уларга ўсиш учун аниқ имкониятлар яратиш керак. Шунинг учун ёш мутахассисларга ҳам, амалдаги ходимларимиз ривожига ҳам сармоя киритмоқдамиз.
Мен учун ҳар икки лойиҳани ўз жамоаларимиз яратгани ва амалга ошираётгани айниқса қадрли. Бу мукофотлар — устозлар, раҳбарлар, лойиҳа иштирокчилари ва ходимлар ривожига ҳисса қўшаётган барча ҳамкасбларимизнинг умумий меҳнати натижаси. Бу ишни давом эттирамиз, чунки ходимларнинг ривожланиши Click’нинг барқарорлиги ва келажаги билан бевосита боғлиқ», — дейди Click HR директори Евгения Массино.
Реклама





