
Сурхондарёда тўртта туманга янги ҳокимлар тайинланди
Термиз, Қумқўрғон, Денов ва Олтинсой туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Улардан ҳудудий ривожланиш суръатларини жадаллаштириш кутилаяпти.

Сурхондарё вилоятида маҳаллий ижро ҳокимияти тизимида навбатдаги кадрлар тайинлови амалга оширилди. Термиз, Қумқўрғон, Денов ва Олтинсой туманларига янги ҳокимлар тайинланиб, улар олдига ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бошқарув самарадорлигини ошириш вазифалари қўйилмоқда.
Шуҳрат Искандарович Қаландаров Термиз тумани ҳокими вазифасига тайинланди.
Ш.Қаландаров 1981-йилда Денов туманида туғилган. 2004 йилда Термиз давлат университетини, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси солиқ академиясини солиқлар ва солиққа тортиш мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида солиқ органларида турли вазифаларда, хусусан, Термиз туманида давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, Термиз ва Сариосиё туманлари ҳамда Термиз шаҳрида ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар Термиз тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Фаррух Омон ўғли Холиқов Қумқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди. У 1985 йилда Қашқадарё вилояти Китоб туманида туғилган. Фаррух Холиқов 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2016 йилда Бош прокуратура олий ўқув курсини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаган. Хусусан, Узун ва Шўрчи туманлари прокурори сифатида фаолият юритган. Тайинловга қадар эса Денов тумани прокурори лавозимида ишлаб келган. Унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги тажрибаси туманда қонун устуворлиги, ижтимоий барқарорлик ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қумқўрғон туманининг аввалги ҳокими Анвар Нормаматов эса Денов тумани ҳокими этиб тайинланди.
А.Нормаматов 1981 йилда Ангор туманида туғилган. 2003 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Ички ишлар органларида турли масъул лавозимларда хизмат қилган. Жумладан, Сариосиё, Узун ва Қизириқ туманлари ҳамда Термиз шаҳар Ички ишлар бўлимларида бошлиқ, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Олтинсой тумани ҳокими лавозимига эса Отабек Рустамович Мавлонов тайинланди. Ушбу тайинловга қадар у Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Отабек Мавляновнинг инвестиция ва саноат соҳасидаги тажрибаси Олтинсой туманида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб этиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.





