
Тадбиркорлик фаолиятининг асослари ва кафолатлари тўғрисида янги қонун қабул қилинади
2026 йил 1 июлдан кучга кириши режалаштирилган янги қонун лойиҳаси тадбиркорликка асоссиз аралашувни чеклаб, мулк дахлсизлиги ва ёшлар бизнесини қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Тадбиркорлик фаолиятининг асослари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари — қонунийлик, эркин фаолият юритиш, мулк дахлсизлиги, коррупциясиз муҳит, инсофли рақобат ва давлат органлари билан муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги белгиланган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари — кичик, ўрта ва йирик бизнес тоифалари, якка тартибдаги ва биргаликдаги тадбиркорлик, шунингдек тадбиркорлик бирлашмалари тушунчалари аниқ ҳуқуқий асосга эга бўлади. Бизнесни тартибга солиш воситалари — рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, давлат назорати, рақобатни муҳофаза қилиш, мажбурий суғурта каби механизмлар қайта тизимланиши белгиланган.
Янги қонун тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам белгилайди. Тадбиркор исталган турдаги қонунда тақиқланмаган фаолиятни амалга ошириш, товар ва хизматлар нархини мустақил белгилаш, фойдадан эркин фойдаланиш ва банк ҳисобварақларидан тўсиқсиз фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бир вақтнинг ўзида маҳсулот сифати, солиқ ва тўловлар интизоми, меҳнат ва экология талабларига риоя этиш мажбуриятлари ҳам кучайтирилган.
Давлат органлари томонидан тадбиркорликка асоссиз аралашувни чеклаш, текширувлар сонини қисқартириш, суд орқали ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш бўйича алоҳида кафолатлар назарда тутилган. Зарар етказилган тақдирда тўлиқ қоплаш тартиби ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади.
Қонун лойиҳасида аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини, шунингдек ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш бўйича махсус нормалар жой олган. Уларга кредит, субсидия ва грантлар, солиқ имтиёзлари ҳамда давлат харидларида устуворлик каби қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.
Ушбу ҳужжат қабул қилингач, 2026 йил 1 июлдан кучга кириши кўзда тутилмоқда. Янги ҳужжат амалга кириши билан амалдаги «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва яна 11 та қонунчилик ҳужжати ўз кучини йўқотади. Шу жумладан, бир қатор ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.





