Logo

«TBC Bank» йил бошидан бери салкам 70 млрд сўм зарар кўрди

Бугун 15:392 дақиқа

Жорий йил январ-август ойларида банкда банк карталар сони бўйича ҳам энг катта пасайиш кузатилганди. 2025-йилда Ўзбекистонда 34 та банкдан фақат 5 таси нисбатан камроқ фойда олганди. Улардан бири ҳам айнан «TBC Bank» эди.

«TBC Bank» йил бошидан бери салкам 70 млрд сўм зарар кўрди © TBC bank

«TBC Bank»нинг 2026-йилнинг 9 ойи якунлари бўйича соф зарари 69,7 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида банк 30,3 млрд сўм соф фойда олган эди. Шу билан бирга, банкнинг жами даромадлари 6,4 фоизга ўсиб, 4,2 трлн сўмга етди.

Openinfo’га жойлаштирилган ҳисоботларга кўра, банкнинг кредитлар бўйича эҳтимолий зарарлар учун захираларни шакллантириш харажатлари 42,3 фоизга ошиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этган.

2026-йилнинг III чорагида (июл-сентябр) эса банкнинг соф зарари 357,7 млрд сўмга етди. Ўтган йилнинг шу чорагида зарар 70,7 млрд сўмни ташкил етган эди.

2026-йилнинг 1-октябр ҳолатига кўра, банкнинг кредит портфели 7,7 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,9 фоизга қисқарди. Муаммоли кредитлар (NPL) улуши эса 4,5 фоиздан 13,4 фоизгача ошди.

2025-йилда Ўзбекистонда 34 та банкдан фақат 5 таси нисбатан камроқ фойда олганди. Улардан бири айнан «TBC Bank» эди. Қолган барча банкларда ўсиш кузатилди. Ўтган йил «TBC Bank» фойдаси энг кўп пасайиб кетган банк бўлганди. Банк 2024-йилда 341 млрд сўмдан ошиқ соф фойда олганди.

Марказий банкнинг 2026 йил 1-январ ва 1-август ҳолатидаги маълумотлари таққосланганда банк карталари сони бўйича ҳам энг катта пасайиш «TBC Bank»да қайд этилган. Банк карталари сони 570 мингга ёки 13,5 фоизга камайиб, 3,64 млн донага тушган. Муомаладаги карталар сони банк мижозлари ёки фаол фойдаланувчилар сонига тенг эмас. Бир киши бир нечта картага эга бўлиши, айрим карталар эса амалда ишлатилмаслиги мумкин.

Маълумот учун, 2025-йилнинг август ойида Грузияда етакчи молия хизмати гуруҳи ва Ўзбекистонда энг йирик рақамли банк экотизимларидан бири ҳисобланувчи «TBC Bank Group» OLX Uzbekistan назорат пакетини сотиб олиш бўйича келишувга эришган эди. Жорий йил 5-июнда эса банк уни расман сотиб олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «TBC Bank» микроқарзларни алоҳида микромолия ташкилоти орқали бера бошлаганди. Банк Марказий банкнинг талабларига риоя қилиш учун бу йўлни тутмоқда. Ўхшаш модел Uzum экотизимида ҳам бор, бироқ у ерда бу амалиёт чекловдан аввал ҳам ишлаган.

Теглар

Мавзуга оид