Тожикистон финтех компанияси микромолия банки очиш учун лицензияга ариза берди

Бугун 16:122 дақиқа

«Alif» финтех компанияси Ўзбекистонда микромолия банки очиш учун Марказий банкка ариза топширди, келажакда эса тўлақонли рақамли исломий банкка айланишни режалаштирмоқда.

Тожикистон финтех компанияси микромолия банки очиш учун лицензияга ариза берди

Алиф финтех-компанияси Ўзбекистонда микромолия банки фаолиятини бошлаш учун лицензия олишга ариза бергани маълум қилинди. Бу ҳақда компания асосчиларидан бири Зуҳуршо Раҳматуллаев оммавий чиқишида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, микромолия банки формати капитал талабларининг нисбатан пастлиги сабабли қулай ҳисобланади. Бу эса компания учун ривожланишнинг табиий босқичи бўлиб, кейинчалик тўлақонли банкка босқичма-босқич трансформатсия қилиш имконини беради.

Янги ташкил этилиши режалаштирилаётган банк тўлиқ рақамли форматда ишлайди. Унда замонавий технологиялар, сунъий интеллект, рақамли тўлов ечимлари ва булутли платформалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Компания, шунингдек, келажакда Марказий Осиёдаги илк рақамли исломий банк бўлишни мақсад қилган. Бунинг учун тегишли норматив-ҳуқуқий база шакллангач, исломий банк литсензиясини олиш масаласи кўриб чиқилади.

2025-йил сентябрида «Alif» инвесторлардан маблағ жалб қилиб, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесга йўналтирилган банк очиш режаларини эълон қилган эди. Лойиҳа доирасида тадбиркорлар учун таълим дастурлари ва акселераторларни ишга тушириш ҳам режалаштирилган.

«Alif» 2014-йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Тожикистон, Ўзбекистон ва Покистон бозорларида фаолият юритмоқда. Компания 1400 дан ортиқ ходим орқали 4,4 миллиондан зиёд мижозларга хизмат кўрсатмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда фақат битта микромолия банки — «ТАЯНЧ МИКРОМОЛИЯ БАНКИ» фаолият юритмоқда. Марказий банк «ТАЯНЧ МИКРОМОЛИЯ БАНКИ» аксиядорлик жамиятига 2025-йил 6-ноябр куни микромолия банки фаолияти учун илк лицензияни берган эди.

Шунингдек, «AGAT CREDIT» ҳам ўз фаолиятини микромолия банки сифатида кенгайтириш режасини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 27-март куни Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун қабул қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид