Logo

“Толибон билан ҳали бирор келишув йўқ, янги кўл эса давлатнинг ўз лойиҳаси” — Сув хўжалиги вазири билан интервю

Бугун 17:196 дақиқа

Шавкат Ҳамраев Афғонистонда қурилаётган «Қўштепа» канали бўйича «Толибон» ҳаракати билан расмий келишувлар мавжудлиги масаласига аниқлик киритди. Шунингдек, вазир Бухоро чўли ортида тўсатдан пайдо бўлган ва ижтимоий тармоқларда турли шубҳали тижорий лойиҳаларга боғланган улкан кўлнинг асл эгаси кимлиги ҳамда манбаси ҳақидаги ўткир саволларга жавоб берди.

19 июн куни Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги биносида Вазир Шавкат Ҳамраевнинг ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилди. Тадбирда Vaqt.uz мухбири ҳам иштирок этди ва вазирга Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали бўйича Толибон билан икки томонлама ҳуқуқий келишувлар бор-йўқлиги ва Бухорода пайдо бўлган янги кўл манбаси борасидаги бир неча савол билан мурожаат қилди.

— Афғонистон трансчегаравий сув тақсимоти бўйича на халқаро ҳужжатларга ва на минтақавий сув келишувларига аъзо. Шуни ҳисобга олсак, эртага Қўштепа канали ишга тушиши натижасида қуйи оқимда сув ҳажми кескин камайса, биз Қобулдан муайян сув лимитини талаб қила оладиган бирор-бир юридик ҳужжат шу вақтгача имзоландими? Ёки икки томонлама муносабатлар ҳали ҳам оддий ишчи учрашувлар даражасида қоляптими?

Шавкат Ҳамраев (Сув хўжалиги вазири):

— Афғонистон томони билан Қўштепа канали бўйича доимий мулоқот йўлга қўйилган. Хусусан, у ердаги Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, уларнинг сув масалалари бўйича масъул ўринбосарларидан иборат ишчи гуруҳ билан мунтазам алоқадамиз.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Афғонистонни қийнаётган энг катта муаммолардан бири — Амударё қирғоқларининг емирилиши ва бу уларнинг ҳудудига жиддий талофат етказаётгани эди. Ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари билан ушбу ҳудудга кўплаб экскаватор ва зарур техникалар сафарбар этилди. Электр тармоқлари тортилиб, лойни сурувчи махсус земснарядларимиз ёрдамида дарё ўзанини буриш ва қирғоқларни ювиш оқибатларини камайтириш ишлари олиб борилмоқда. Афғонистон муваққат ҳукумати бу кўмакни юқори баҳолаб, ўз миннатдорчилигини билдирди.

Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий айланма 2 миллиард доллардан ошди. Геология, электр энергияси таъминоти, транспорт коридорлари ва темир йўл соҳаларидаги интеграция жараёнлари сув масаласидаги мулоқотларимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Қўштепа каналининг ўзига келсак, уларнинг ўзларида ҳам молиялаштириш ва техник қийинчиликлар мавжуд. Каналнинг аввал қазилган баъзи жойлари қум билан кўмилиб қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу қурилиш тўхтади дегани эмас, балки амалдаги иш кўлами режалаштирилганидан анча мураккаблигини англатади. Дастлаб улар лойиҳани 2028 йилгача тугатиб, кейин сув олишни режа қилишганди. Ҳозирча у ерга катта ҳажмда сув олинаётгани йўқ; шлюз орқали қўйиб юборилган сув фақатгина канал ўзанини қум ва чангдан сақлаб, йўналишни ушлаб туриш учунгина хизмат қилмоқда.

— Демак, ҳали ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқ-а? Эртага Афғонистон сув олишни бошлаганда, муносабатларимизни тартибга солувчи бирор-бир икки томонлама шартномага эришилганми ўзи?

Шавкат Ҳамраев:

— Ҳозирча расмий юридик ҳужжат мавжуд эмас, муносабатлар тўғридан-тўғри мулоқотлар асосида бошқарилмоқда. Афғонистон томони ҳам бу мулоқотларни «юридик ҳужжатлардан устун қадрият» сифатида эътироф этмоқда. Улар ҳамма давлатлар билан ҳам бундай мулоқотга киришавермайди. Ҳатто АҚШнинг юқори лавозимли вакиллари биз билан гаплашганда, мана шу сув музокараларида иштирок этиш истагини билдиришган, бироқ Қобул уларни жараёнга яқинлаштирмаган. Шу боис, Ўзбекистон билан муносабатлар кун сайин ижобий томонга ривожланяпти.

Қурғоқчилик йилларига келсак, бундай даврлар маълум сув цикли асосида такрорланиб туради. Бунга тайёргарлик сифатида ҳудудларимизда сув омборлари ва йирик локал тизимлар барпо этилган. Давлат катта харажатлардан қочмасдан, сувни ер остидан махсус насослар орқали 400 метр ва ундан ҳам баланд нуқталарга кўтариб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.

— Бухоро вилояти республикада сув танқислиги энг юқори бўлган, вазият мураккаб ҳудудлардан бири ҳисобланади. Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳам шов-шув бўлди, ўзимиз ҳам бориб катта видеорепортаж тайёрлаб келдик — Бухоро чўлининг қоқ марказида улкан кўл пайдо бўлган. Одамлар орасида бу тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг шахсий бизнеси экани, у ерда эко-шаҳарча ёки йирик балиқчилик хўжалиги ташкил этилаётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Шундай бўлса, бутун вилоят сувдан қийналаётган бир пайтда, хусусий бизнес учун миллионлаб куб метр сув қаердан ва қандай маблағлар ҳисобига йўналтирилмоқда?

— Саволингиз учун раҳмат. Бухоро чўлида пайдо бўлган ушбу ҳавза табиий ёғингарчилик маҳсули эмас. Шуни қатъий таъкидлашим керакки, бу ерда хусусий бизнес ёки қайсидир олигархнинг лойиҳаси ҳақидаги гаплар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу — давлат томонидан халқимиз учун амалга оширилган йирик экологиik ва мелиоратив лойиҳа натижасидир.

Аслида вазият қандай? Бухоро вилоятидан чиқадиган коллектор-дренаж (шўр заҳ) сувлари илгари тўғридан-тўғри Амударёга ташланар эди. Бу сувлар керакли даражада тозаланмагани боис, дарё сувининг сифатига жиддий зарар етказаётган эди. Бу бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида махсус келишувлар мавжуд. Биз дарё сувини тоза сақлаш лойиҳасини дастлаб Қорақалпоғистондан бошлаганмиз. Илгари Беруний туманидаги «Қизилқум» ва «Беруний» мелиоратив насос станциялари ифлос заҳ сувларини тўғридан-тўғри Амударёга қуярди. Ваҳоланки, шу дарёдан қуйи оқимдаги Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти аҳолиси ичимлик суви сифатида фойдаланади.

Дарё экологиясини асраш мақсадида Жаҳон банкининг 60 миллион долларлик кредити ҳисобига 300 километрлик йирик коллектор (Жанубий Қорақалпоғистон магистрал коллектори) қурилди. Натижада заҳ сувлари Амударёдан буриб юборилди ва у ердаги насос станциялари тўхтатилиб, сув ўз оқими билан чўлга йўналтирилди.

Худди шу тажриба Бухорода ҳам қўлланилди. Вилоятдаги заҳ сувларининг йиллик ҳажми 1 миллиарддан 1,5 миллиард куб метргача етади. Биринчи босқичда жуда мураккаб шароитларда чўл ичидан 126 километрдан ортиқ масофага канал қазилиб, ўша сифатсиз сувлар Амударёдан чўл бағрига бурилди. Натижада мана шу кўл пайдо бўлди.

— Лойиҳанинг иккинчи босқичида балиқчилик ва сув туризми марказлари ташкил этилиши айтилмоқда. Бу кўл кейинчалик қуриб қолмайдими?

— Йўқ, кўл асло қуриб кетмайди. Чунки у ерга йилига камида 1 миллиард куб метр атрофида заҳ сувлари оқиб келмоқда. Тўғри, шимилиш (фильтрация) ва буғланиш ҳисобига ҳозирча ҳавзага 400 миллион куб метр атрофида сув етиб боряпти. Бироқ йиллар давомида сув сатҳи кўпайиб, ҳатто ҳавзага сиғмай қолиш хавфи ҳам бор. Агар сув ҳаддан ташқари кўпайса, уни келгусида Қорақалпоғистон ҳудудидаги пастликларга қараб узайтиришни режалаштирганмиз.

Кейинги босқичларда Қашқадарёдаги «Денгизкўл» (сиғими қарийб 3 млрд куб метр, аммо таркибида олтингугурт баландлиги сабабли жонзот яшамайдиган ўлик кўл) ва юқоридаги «Сичанкўл» ҳавзаларини Бухоро канали тагидан сифон орқали ўтказиб, ушбу тизимга уламоқчимиз. Натижада заҳ сувларининг доимий ҳаракати таъминланади.

Олимларимиз билан биргаликда бу сувларни биологик ва механик усулда жонлантириш устида ишлаяпмиз. Тажрибадан маълумки, сув узоқ масофага ҳаракат қилганда, турли тупроқ қатламлари ва қамишзорлардан ўтиб, кислород билан тўйинади ва ўз-ўзини тозалайди («сув етти думаласа тоза бўлади» мақоли бежиз эмас).

— Демак, ҳозирнинг ўзидаёқ у ерда балиқ пайдо бўлгани рост экан-да?

— Ҳа, бу рост. Ҳозирча сувнинг шўрланиш даражаси (минерализацияси) бир оз юқори, лекин сув ҳажми ортиши билан бу кўрсаткич меъёрлашади. Энг муҳими, чўл бағридаги ушбу сув йўли атрофига минглаб дарахтлар экилди, у ерга ёввойи қушлар ва ҳайвонлар келиб сув ичмоқда. Одамлар у ерда ҳаёт ва янги экотизим пайдо бўлганини айтяпти.

Хулоса қилиб айтганда, бу ерда хусусий тадбиркорлик ёки туризм мажмуаси йўқ. Бу — Амударё сувининг тозалиги ва сифатини сақлашга қаратилган, давлат бюджетидан 1 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган йирик миллионлик давлат лойиҳасидир.

Теглар

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 106

Барчаси

Мавзуга оид