
Тошкент аэропортида янги келиш зали ва очиқ терраса ишга туширилди
Тошкент халқаро аэропортида реконструкциянинг навбатдаги босқичи якунланди. Янги келиш зали, очиқ терраса ва кенгайтирилган VIP жўнаш зали йўловчилар учун замонавий қулайликлар яратди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида реконструкциянинг навбатдаги босқичи якунланди. Аэропортида амалга оширилаётган реконструкция ишлари доирасида келиш зали тубдан янгиланиб, ҳудуд 2200 метр квадратга кенгайтирилди.
Бажарилган ишлар натижасида 200 та ўриндиққа эга кутиб олиш зали майдонининг умумий ҳажми қарийб 5000 метр квадратга етди. Янги ҳудудда яқин кунларда қаҳвахона, музқаймоқ ва гул дўконлари, ҳамда алкоголсиз ичимликлар барлари иш бошлайди.
Тошкент халқаро аэропорти директори Жасур Пўлатов учиб келиш зали ичида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам гапириб берди.
Лойиҳа доирасида аэропорт олдидаги йўллар ҳам қайта қурилди. Бу эса аэропортга яқинларини кутиб олиш учун келган фуқаролар ва такси ҳайдовчиларига катта қулайлик дегани.
Йўлаклардан бири фақат сайёҳлик автобуслари ва расмий аэропорт таксилари учун мўлжалланган. Ҳозирча икки такси оператори фаолият кўрсатмоқда, яқин вақтларда яна тўртта компания ва икки автоижара хизмати қўшилиши режалаштирилган.
Иккинчи йўлак кутиб олувчи машиналар ва такси агрегаторларига ажратилган. Йўлакда 10 дақиқалик текин тўхтаб йўловчи олиш лимитини бузган автомашиналарга ИИВ тизими билан боғланган камералар орқали жарима автоматик тарзда юборилади. Шундай тизим аллақачон учиб кетиш терминали олдида ҳам қўлланилмоқда.
Шунингдек, P2 ва P3 автотураргоҳлари бирлаштирилиб, жами 347 та тўхташ жойи яратилди. Узоқ кутиш ҳолатларида ҳайдовчиларга тураргоҳдан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Реконструкциянинг кейинги босқичида учиб келиш ва учиб кетиш заллари ягона терминал мажмуасига бирлаштирилади. Қурилиш якунлангач, терминалнинг умумий майдони 16 минг квадрат метрдан ошиб, соатига 2400 йўловчига хизмат кўрсата олади.
Учиб кетиш зали олдида йўловчилар учун 2200 метр квадратлик очиқ терраса ҳам очилди. Залнинг иккинчи қаватида жойлашган бу ҳудудда соябонлар, ўриндиқлар ва микроиқлим тизими ўрнатилган. Бу ердан шаҳар манзараси, бошқарув минораси ва самолётларнинг учиши аниқ кўриниб туради. Террасада яқин кунлар иичда бир нечта қаҳвахоналар ҳам фаолият бошлайди.
VIP учиб кетиш зали ҳам 300 метр квадратга кенгайтирилди. Янги дизайн ва ёритиш ечимлари орқали залнинг ички майдони визуал жиҳатдан кенгайган, ўриндиқлар сони ҳам кўпайтирилган.
Ушбу ишлар Тошкентнинг янги халқаро аэропорти ишга туширилгунга қадар мавжуд аэропортда йўловчилар оқимини тўғри бошқариш, учиб кетаётган ва келаётган йўловчиларга қулайликлар яратиш имконини беради.





