Тошкент атрофида янги иссиқхоналар ташкил этиш чекланади

Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналар энергия тежамкор ва табиий-иқлим шароити қулай бўлган ҳудудларга босқичма-босқич кўчирилади.

Тошкент атрофида янги иссиқхоналар ташкил этиш чекланади

2026-йил 1-октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади. Мазкур таклиф Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 23-март куни бўлиб ўтган йиғилишда маъқулланди.

Йиғилишда «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида иссиқхоналар масаласи муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқхона хўжаликлари жуда кўп, улар орасида иситиш манбалари сифатида кўмир, мазут ва ностандарт ёқилғидан фойдаланувчи иссиқхоналар улуши ҳам юқори, улар чиқараётган NO2, SO2 ва PM2,5 каби хавфли моддалар ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Қолаверса, Тошкент ҳудудида йиллик қуёш нурланиши қолган ҳудудларга қараганда нисбатан паст бўлгани сабабли бу ерда иссиқхонада маҳсулот етиштириш харажати анча баланд. Масалан, январь ойида Тошкентда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 6 даража иссиқ бўлса, Термизда – 10,8 даража иссиқ. 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш харажати Тошкент вилоятида 11,9 миллион сўмни, Сурхондарёда эса 4,9 миллион сўмни ташкил этади.

Маҳсулотларни инсоляция даражаси юқори бўлган ҳудудларда етиштириш иссиқхона хўжаликларининг молиявий ҳолати учун ҳам, ички бозордаги нарх барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам манфаатли ҳисобланади.

Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарни энергия тежамкор ва табиий-иқлим шароити қулай бўлган ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш таклифи билдирилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳудудда қуёш нурланиши юқори, қиш нисбатан юмшоқ, иситиш харажатлари анча паст бўлиб, бу маҳсулот таннархини кескин тушириш имконини беради.

2026-йил 1-октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этишни чеклаш, шу билан бирга, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма ва логистика бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид