Тошкентда дизайн-код: Тадбиркор зарарини ким қоплайди?

Сўнгги вақтларда Тошкентда бекатлар атрофидаги дўконларнинг бузилиши ва пешлавҳаларнинг огоҳлантиришсиз олиб ташланиши кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Ҳокимлик бу ҳолатни дизайн код жорий этилиши билан изоҳламоқда.




Нима сабабдан бекатлардаги дўконлар бузиб ташланди? Пешлавҳаси огоҳлантиришсиз олиб ташланган савдо нуқталари эгаларининг зарарини ким қоплайди? Янги дизайн кодига эга Тошкент кўчалари қандай бўлади? 

3 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтда замонавий, тартибли ва эстетик жиҳатдан яхлит шаҳар муҳити дизайн-кодини жорий этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда юқоридаги саволларга жавоб берилди.

Тадбирда Рустам Қодиров — стратегик ривожланиш бўйича бошқарув раиси ўринбосари, Абдураҳмон Бахтиев — Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Ёдгор Икромов — Тошкент шаҳар бош архитектори қатнашди.

Янги дизайн кодига эга Тошкент кўчалари қандай бўлади?

Таъкидланишича, дизайн-код пиёдалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга ҳам хизмат қилади. Тротуарлар, ёритиш тизимлари, кўча жиҳозлари, яшил ҳудудлар ва навигация элементларининг аниқ стандартлар асосида тартибга солиниши шаҳармуҳитини нафақат кўркам, балки функционал бўлишини ҳам таъминлайди.

Шунингдек, ташқи безак ва реклама элементлари бўйича ягона стандартларни белгилаш, халқаро тажрибани Тошкент шароитига мослаштириш ҳамда шаҳарнинг ўзига хос меъморий ва маданий қиёфасини сақлаб қолишга хизмат қилиши айтилди.

Нима сабабдан бекатлардаги дўконлар бузиб ташланмоқда? 

«Дўкон очдик — қарасак, фойдаси бор: иш ўринлари яратилади, савдо юритилади. Бироқ бу ерда яна бир жиҳатни инобатга олиш керак. Дўконга фақат пиёдалар эмас, балки автомобилда келувчилар ҳам ташриф буюради. Улар йўл четида тўхтаб, тезкор харид қилади. Бу эса бекатдаги жамоат транспорти ҳаракатига халақит бериб, йўловчиларга ноқулайлик туғдиради.

Шу боис, автобус бекатлари алоҳида, савдо нуқталари эса бироз нарида жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинмоқда»,–дейди Рустам Қодиров.

Тадбиркор зарарини ким қоплайди?

Тошкент кўчаларида ягона дизайн коди жорий этилаётгани ижобий баҳоланмоқда. Чунки шаҳарсозлар фикрича, бу орқали кўчалар ортиқча визуал “чиқиндилар”дан тозаланади.

Бироқ сўнгги бир неча ойдан буён тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммо ҳам йўқ эмас. Нега пешлавҳаларни олиб ташлаш масаласида тадбиркорларга олдиндан тушунтириш берилмаган? 

Хусусан, VAQT.UZ билан гаплашган дўкон эгаси my.gov.uz портали орқали рухсат олганига қарамасдан, пешлавҳасини бузиб кетишганини айтди.  

VAQT.UZ мухбири мутасаддилардан юқоридаги каби ҳолатларда тадбиркорлар кўрган зарарни ким қоплашини сўради. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова тадбиркорлар компенсация учун туман ҳокимликларига мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

«Яъни биз хатоликларни инкор қилмаймиз. Агар шу жараёнда жабр кўрган тадбиркорлар бўлса, туман ҳокимлигига компенсация учун мурожаат қилишлари мумкин», – деди у.

 Стратегик ривожланиш бўйича бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодиров тадбиркорларга расмий хат юборилиб, олдиндан огоҳлантирилмаганини 1-апрелдан тамаки маҳсулотларни нақд пул эвазига сотиб олиш мумкин эмаслиги тартиби жорий этилгани ва бу ҳар бир чекувчининг уйига хат жўнатилиб, огоҳлантирилмагани билан изоҳлади.  

«Мана, мисол. 1 апрелдан қонунчиликда жуда кўп ўзгаришлар киритилди. Масалан, тамаки маҳсулотларини нақд пулга олиб бўлмайди. Лекин,ҳаммамизнинг уйимизга, ҳеч бўлмаганда сигарет чекадиганларнинг уйига хат келган йўқ-ку.

Мен айтмоқчи бўлганим, 110 мингта тадбиркорбор-да. Ўзи, мен тўғри тушунсам, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиндими, у тадбиркор озгина бўлса ҳам қизиқиши керак-ку. Мана, эълон қилди-ку, «дизайн-код киритиляпти, оғайнилар», деб. Қонунни билмаслик масъулиятдан озод қилмайди дейишадику», - деди Стратегик ривожланиш бўйича бошқарув раиси ўринбосари Рустам Қодиров.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 37

Барчаси

Мавзуга оид