
Тошкентда ҳавони ифлослантираётган 15 та объект қурилиши тўхтатилди
Экология қўмитаси, Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги, Энергоинспекция, Қурилиш инспекцияси ва Санитария-эпидемиология хизмати томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида рейд ўтказилди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги, Энергоинспекция, Қурилиш инспекцияси, Санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идоралар томонидан Тошкент шаҳрининг 12 та туманидаги қурилиш объектлари комплекс ўрганилди. Бу ҳақда Экоқўмита ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу ўрганиш ишларига 140 нафар ходим жалб этилди. Тадбирлар давомида 96 та қурилиш объекти кўздан кечирилди. Шундан 60 та ҳолатда ҳавонинг чанг ва қум билан ифлосланишининг олдини олиш бўйича мажбурий талаблар бузилганлиги аниқланди. Шунингдек, 47 та ҳолатда қурилиш майдонининг 25 фоизини кўкаламзорлаштириш бўйича талаб бажарилмаган.
Аниқланган ҳуқуқбузарликларга қарши қатъий чора кўрилди. Жумладан, 15 та объектда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди. 70 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди ва 68 нафар шахс расмий огоҳлантирилди.
Бундан ташқари, 24 та объектда сув ювиш мосламалари ўрнатилиши таъминланди, 62 та объектда эса автомашиналар шиналарини ювиш учун бассейнлар яратилди.
Аввалроқ Экология қўмитаси ва ЙҲХБ рейдлари давомида юк машиналарида юкни беркитиш қоидалари бузилган ҳолатлар аниқланиб, ҳайдовчиларга чора кўрилганди.





