
Тошкентда ишлаб чиқарилган самолёт қулади: 7 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
Россиянинг Иваново областида РФ Мудофаа вазирлигига тегишли Ан-22 самолёти таъмирдан кейинги синов парвози чоғида қулади. Унинг саҳнидаги етти нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги 9 декабр сешанба куни дунёдаги энг йирик турбопарракли Ан-22 «Антей» ҳарбий-транспорт самолётининг Иваново областида ҳалокатга учраганини тасдиқлади. Расмий маълумотларга кўра, фалокат Фурманов районида аҳоли яшамайдиган ҳудудда содир бўлган. Самолёт таъмирдан кейин амалга ошириладиган мажбурий синов парвози вақтида қулаган.
Вазирлик ҳодисадан кейин қутқарув гуруҳлари жойга етиб борганини, самолётда бўлган етти нафар экипаж аъзоси тақдири бўйича текширув ишлари бошланганини маълум қилди.
Ан-22 «Антей» — 1960-йилларда Тошкентдаги Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаб чиқилган ва дунёдаги энг йирик турбопарракли ҳарбий транспорт самолётларидан бири ҳисобланади. Wikipedia маълумотлариша кўра, Тошкентда бундай самолётлардан 67 таси ишлаб чиқарилган ва 1965–2024 йиллар оралиғида экспуалация қилинган.
У максимум 60 тонна юк кўтариш қобилиятига эга бўлиб, Россия Қуролли кучларидаги энг қадимий техника намунаси сифатида ҳамон эксплуатация қилинади.
Самолёт асосан оғир ҳарбий техника, зирҳли машиналар ва махсус юкларни узоқ масофаларга етказиш учун қўлланилади. Шу боис, флотда қолган кам сонли Ан-22ларни сақлаш ва таъмирлаш Россия ҳарбий логистикаси учун стратегик аҳамиятга эга.
Ҳалокат Россия ҳарбий авиациясида сўнгги йилларда кузатилаётган техник носозликлар, эски самолётлар парки ва таъмирлаш сифатининг пасайиши билан боғлиқ жиддий саволларни қайта кун тартибига чиқарди.
Россия ВКС комиссияси фалокатнинг аниқ сабабларини ўрганишни бошлаган. Тергов доирасида техник хизмат кўрсатиш сифати, таъмир ишлари ҳажми, парвоз учун рухсат бериш тартиби ва экипаж тайёргарлиги каби барча омиллар текширилади
Аввалроқ Украинанинг «Antonov Airlines» авиакомпаниясига тегишли дунёдаги энг йирик юк самолёти — Ан-124 «Руслан» Тошкент аэропортига қўнгани ҳақида хабар қилган эдик.





