
Тошкентда Паҳлавон Маҳмуд ва Элбек кўчаларини боғловчи йўл ўтказгич қурилади
Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2026 -2028 йилларда 4 босқичли катта лойиҳа амалга оширилиши белгиланди.

2026–2028 йилларда шаҳар инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилиб, асосий мақсад транспорт ҳаракатини енгиллаштириш, узеллардаги тирбандликни камайтириш ва жамоат транспорти учун қулай шароит яратишдан иборат.
Биринчи босқич доирасида Амир Темур шоҳкўчасидан Мирободгача бўлган Шаҳрисабз кўчасининг уч километри тўлиқ таъмирланиб, автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилади.
Шунингдек, Амир Темур проспектининг 11 километри янгиланади, Янги Сергели кўчасининг 5,5 километри модернизация қилинади. Бир нечта йирик йўналишларда жами 38 километр йўл таъмирланиб, барчасида жамоат транспорти йўлаклари барпо этилиши белгиланган.
Иккинчи босқичда 16 та кўчанинг 36 километри реконструкциядан ўтказилади. Бу босқичнинг энг муҳим нуқтаси сифатида Паҳлавон Маҳмуд кўчасини Элбек кўчасига улайдиган йўл ўтказгич қурилиши кўрсатилган. Йўл ўтказгич ҳаракат оқимини сезиларли енгиллаштириши кутилмоқда.
Учинчи босқичда Юнусобод айланмаси ҳудудида ерости автомобиль туннели барпо этилади. Шу билан бирга, тўққизта кўчанинг 33 километри янгиланиб, хавфсизлик тўсиқлари ва пиёдалар учун сунъий нотекисликлар ўрнатилади.
Тўртинчи босқич Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг Зиёлилардан Шота Руставелигача бўлган 19 километрини тўлиқ янгилашни ўз ичига олади. Қўшимча равишда, 15 та кўчанинг 50 километри реконструкция қилиниб, автобус йўлаклари ва хавфсизлик инфратузилмаси такомиллаштирилади.





