Logo

Тошкентдаги қиммат ижаралар, Қорақалпоғистондаги крипто-имтиёзлар ва «Fitch» яхшилаган банклар рейтинги — 9 июн дайжести

Кеча 23:004 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Тошкентдаги қиммат ижаралар, Қорақалпоғистондаги крипто-имтиёзлар ва «Fitch» яхшилаган банклар рейтинги — 9 июн дайжести

Фарғонада кешбек орқали 3,2 млрд сўм талон-торож қилинди

Фарғона вилоятида бир гуруҳ шахслар «Soliq Mobile» иловасидаги кешбек тизимидан ноқонуний фойдаланиб, давлат бюджети маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, улар Telegram орқали ташкил этилган гуруҳларда 7 та МЧЖ номидан расмийлаштирилган чеклардаги кешбек ҳуқуқини фуқароларга сотган. Бунда амалда бажарилмаган операциялар учун 3,3 трлн сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари расмийлаштирилган.

Натижада 211,5 минг нафар фуқарога жами 28,5 млрд сўм кешбек ҳисобланган бўлиб, унинг 3,2 млрд сўми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Жаҳон чемпионати олдидан букмекерлик хизматларини реклама қилувчилар огоҳлантирилди

Рақобат қўмитаси футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионати арафасида интернет ва ижтимоий тармоқларда букмекерлик хизматлари рекламаси кўпайганини қайд этиб, бундай материаллар Ўзбекистон қонунчилигига зид эканини эслатди. Қўмита маълумотига кўра, айрим шахслар спорт мусобақалари натижаларига пул тикиш, тез даромад олиш ёки катта ютуққа эришиш ваъдаларини тарқатиб, фуқароларни букмекерлик платформаларига жалб қилишга уринмоқда.

Қонунга мувофиқ, букмекерлик хизматлари, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланган. Рақобат қўмитаси интернет ва ижтимоий тармоқлардаги бундай материалларни мунтазам мониторинг қилаётганини билдириб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилишини маълум қилди. Фуқароларга шубҳали рекламаларга ишонмаслик ва уларни тарқатмаслик тавсия этилди.

Қорақалпоғистонда крипто компанияларга янги имтиёзлар берилиши мумкин

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Қорақалпоғистондаги «Besqala Mining Valley» махсус зонасида фаолият юритувчи майнерлар ва крипто хизматлар провайдерларини йиғимлардан озод қилишни таклиф қилди. Лойиҳа қабул қилинса, крипто-биржалар, крипто-дўконлар, криптодепозитарийлар ва майнерлар учун амалдаги йиғимлар бекор қилинади. Ҳужжат юзасидан таклиф ва мулоҳазалар 18 июнгача қабул қилинади.

«Besqala Mining Valley» Қорақалпоғистонни юқори технологиялар марказига айлантириш мақсадида ташкил этилган махсус майнинг зонаси ҳисобланади. Унинг резидентлари криптоактивларни қазиб олиш, сотиш ва айирбошлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, зона иштирокчилари 2035 йилгача даромад солиғидан озод этилади, бироқ ўз даромадларининг 1 фоизини зона дирекциясига ўтказиб бориши белгиланган.

Тошкентда уй-жой ижара нархлари: қайси туманлар энг қиммат?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2026 йил май ойида Тошкентда уй-жойларнинг ўртача ижара нархи 550 долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ошган. Шу билан бирга, ижарага оид эълонлар сони бир ойда 22,8 мингтадан 18,1 мингтага тушиб, қарийб 21 фоизга қисқарган. Эълонларнинг асосий қисми Мирзо Улуғбек, Миробод ва Юнусобод туманлари ҳиссасига тўғри келган.

Энг юқори ижара нархлари Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилган. Хусусан, бир хонали уйлар Мирободда ўртача 600 доллар, икки хонали уйлар Миробод ва Шайхонтоҳурда 700 доллар, уч хонали квартиралар эса ушбу туманларда 1000 долларгача баҳоланган. Нисбатан арзон ҳудудлар — Сергели, Учтепа ва Олмазор туманларида ижара нархлари анча паст бўлиб, айрим сегментларда фарқ икки баравардан ошган. Ижара бозорида энг катта талаб икки хонали квартираларга тўғри келиб, умумий эълонларнинг қарийб 60 фоизини ташкил этган.

«Алоқабанк» сотилмаслиги мумкин: Fitch Ўзбекистондаги 7 та давлат банки рейтингини яхшилади

Fitch Ratings Ўзбекистондаги еттита давлат банкининг рейтинг прогнозларини «барқарор»дан «ижобий»га кўтарди. Янгиланган прогнозлар «Миллий банк», «Агробанк», «Халқ банки», «Бизнесни ривожлантириш банки», «Алоқабанк», «Микрокредитбанк» ва «Туронбанк»га тааллуқли бўлиб, бу қарор Ўзбекистон суверен кредит рейтинги прогнози «ижобий»га ўзгарганидан кейин қабул қилинди. Агентлик буни давлатнинг банкларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари кучайгани билан изоҳламоқда.

Fitch ҳисоботида «Алоқабанк» ва «Туронбанк»ни хусусийлаштириш жараёни камида 2027 йилгача кечикиши мумкинлиги қайд этилган. Агентликка кўра, «Алоқабанк»нинг 2025 йилда янги давлат вазифаларини олгани унинг хусусийлаштирилиш эҳтимолини янада пасайтирган ва ҳатто бу режалар бекор қилиниши мумкин. Fitch шунингдек, Ўзбекистоннинг кредит рейтинги оширилса, давлат банклари рейтинглари ҳам юқорилаши мумкинлигини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид