add

Тоштурма ўрнида нега хиёбон қурилмаган? — сенатор сўровига ҳокимлик жавоб берди

Бугун 15:149302

Сенатор Сайёра Абдикаримова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга мурожаат йўллаб, собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси ҳудудида замонавий хиёбон қурилиши нега кечикаётгани ва ер майдонининг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот сўраган эди.

Тоштурма ўрнида нега хиёбон қурилмаган? — сенатор сўровига ҳокимлик жавоб берди

Сенатнинг аграр, сув хўжалиги ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга собиқ 1-сонли тергов ҳибсхонаси ҳудудида хиёбон қурилиши кечиккани ҳақида сенатор сўрови юборилган эди. Ушбу сенатор сўровига Тошкент шаҳар ҳокимлиги берган жавоб берди.

Сўровга жавоб тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотномада қайд этилишича, Юнусобод тумани Намаган кўчасидаги 2,9 гектарлик ер майдони 2018 йилда ҳокимлик балансига ўтказилган ва унда замонавий хиёбон қуриш вазифаси юклатилган. Бироқ кейинчалик 2020 йилдаги 888-сонли қарор асосида мазкур ҳудуд «Ogneupor» МЧЖга маъмурий бинолар қуриш учун компенсация сифатида ажратилган.

Ҳужжатга кўра, корхона аввал Юнусобод тумани Чинобод кўчасидаги 3 гектар ер майдонида фаолият юритган, аммо «Yunusobod Business City» лойиҳаси сабабли бинолари бузилиб, уларга собиқ ҳибсхона ҳудудидан 2,9 гектар ер берилган. 2024 йил апрелида бу ерда 76 квадрат метрлик маъмурий бино қурилиб, расман фойдаланишга топширилган.

Шу билан бирга, ҳокимлик маълумотномасида 2024 йил 24 декабрда тасдиқланган «Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси»га мувофиқ, мазкур ҳудуд консервация зонаси сифатида белгилангани — яъни бу ерда янги турар ёки нотурар бинолар қуриш тақиқлангани қайд этилган.

Маълумотда таъкидланишича, «Ogneupor» МЧЖ раҳбарияти дастлаб бу ерда ишлаб чиқариш корхонаси қуришни режалаштирган, аммо аҳоли яшайдиган ҳудуд ичида саноат фаолиятини йўлга қўйиш мумкин эмаслиги аниқланганидан сўнг, замонавий меҳмонхона қуриш ғоясини илгари сурган. Бироқ молиявий имконият етишмагани сабабли лойиҳа амалга ошмаган.

Шунингдек, корхона 2022–2025 йиллар давомида ерни хусусийлаштириш бўйича бир неча марта ариза берган, аммо бош режа талабларига кўра ҳудуд консервация зонасида экани сабаб рад жавоби олган.

Ҳозирда ҳудуд расман корхона ихтиёрида бўлиб, келгусида фақат консервация режими бекор қилинган тақдирда лойиҳа таклифлари кўриб чиқилиши мумкинлиги таъкидланган.

Теглар

Мавзуга оид

Тоштурма ўрнида нега хиёбон қурилмаган? — сенатор сўровига ҳокимлик жавоб берди | Vaqt.uz