add

«Трамп эффекти» УЕФА бюджетига зарба берди

Бугун 08:582 дақиқа

АҚШ долларининг кескин қадрсизланиши Европа футболининг молиявий барқарорлигига ҳам таъсир қилди — УЕФА ўтган мавсумни йирик йўқотиш билан якунлади.

«Трамп эффекти» УЕФА бюджетига зарба берди

Европа футболи геосиёсий ўзгаришлардан четда қолмади. UEFA 2024–2025 йиллар мавсуми бўйича молиявий ҳисоботида валюта курсларидаги кескин ўзгаришлар сабаб жиддий йўқотишларга учраганини маълум қилди. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, доллар курсининг пасайиши туфайли УЕФА тахминан 47 млн евро, яъни 54 млн доллар атрофида зарар кўрган, деб хабар бермоқда ESPN.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2025 йилнинг илк ойларида АҚШ доллари бошқа асосий валюталарга нисбатан тахминан 9 фоизга қадрсизланган. Иқтисодчилар буни АҚШда сиёсий муҳит ўзгариши, жумладан, Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши ортидан инвесторлар ишончи пасайиши ва бозорларда ноаниқлик кучайиши билан изоҳламоқда.

УЕФА ҳисоботида таъкидланишича, аввалги йилларда кучли доллар ташкилот учун қўшимча фойда манбаи бўлиб келган. Бироқ 2025 йил март ойидан бошлаб вазият тескари томонга бурилди. «Иқтисодий, бозор ва геосиёсий динамика туфайли доллар тез суръатда заифлашди ва бу валюта фарқларидан келиб чиқадиган йўқотишларни кескин оширди», — дейилади ҳужжатда.

Валюта йўқотишлари УЕФАнинг умумий молиявий натижасига ҳам бевосита таъсир қилди. Мавсум якунларига кўра, ташкилот 46,2 млн евро миқдорида соф зарар билан қолди. Бу йўқотишлар стратегик захиралар ҳисобидан қопланди, натижада июнь ойи охирига келиб резервлар ҳажми 521,8 млн еврогача қисқарди.

Бу кўрсаткич УЕФА учун хавфли чегарага яқин. Чунки ташкилот камида 500 млн евро захирани сақлаб туриш орқали 55 та миллий федерацияга тўловлар ва халқаро мусобақаларни кафолатлашни мақсад қилган. УЕФА долларда катта ҳажмда актив сақлашини хеджлаш сиёсати билан изоҳлайди, аммо курс қулаши шароитида катта йўқотишлардан қочиб бўлмаслигини тан олмоқда.

Теглар

Мавзуга оид