
Трамп Эрондаги намойишчиларни қўллаб-қувватлади
АҚШ президенти Доналд Трамп Эрондаги оммавий намойишлар фонида чиқиш қилиб, тинч аҳолига қарши зўравонлик бўлса, Вашингтон жавоб беришга тайёрлигини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронда иқтисодий инқироз ва миллий валюта қадрсизланиши ортидан авж олган оммавий намойишлар юзасидан кескин баёнот берди. Унинг таъкидлашича, агар Эрон ҳокимияти тинч намойишчиларга қарши ўқ отса ёки куч ишлатса, АҚШ уларни ҳимоя қилишга тайёр.
Трамп «қуролларимиз тайёр, одамларни қутқариш учун ўт отишга ҳам тайёрмиз» дея баёнот берган. Бу сўзлар халқаро майдонда янги баҳсларга сабаб бўлди.
Эрон пойтахти Теҳронда, шунингдек, Шероз ва Кирмоншоҳ каби ҳудудларда 28 декабрдан буён юқори инфляция ва нарх-наво ошишига қарши намойишлар ўтказилмоқда. Савдогарлар ва кичик тадбиркорлар иштирокида бошланган чиқишлар кейинчалик кенг ижтимоий норозиликка айланди.
Маълумотларга кўра, Луристон вилоятининг Азна шаҳрида тўқнашувлар оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, ўнлаб фуқаролар яраланган. Айрим хабарларда намойишчилар полиция бўлимларига кириб боргани, хизмат машиналари ёқиб юборилгани айтилмоқда.
Теҳрон вилоятига қарашли Милорд шаҳрида эса 30 нафар намойишчи қўлга олинган. Маҳаллий ҳокимият бу ҳаракатларни жамоат тартибини бузиш сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, қўлга олинганларнинг айримлари қўшни туманлардан келгани маълум қилинди.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси намойишлар чоғида бир хавфсизлик ходими ҳалок бўлганини тасдиқлади. Ҳукумат норозилик ҳаракатларини «ташқи кучлар таъсири» билан боғламоқда.
Трампнинг баёноти Эрондаги вазиятни янада сиёсий тусга олиб чиқди. Халқаро кузатувчилар бу каби чиқишлар кескинликни ошириши мумкинлигини қайд этмоқда.





