Трамп ўз иттифоқчиси Уммонни бомбардимон қилмоқчи
АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолган бир вазиятда, АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғози масаласида Уммонни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди.

Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп агар Уммон АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик келишувига «тўсқинлик қилса», уни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди.
Айни пайтда Уммон Эрон билан ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Эрон эса АҚШ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Душанба куни эронлик расмийлар Уммон билан келишув эълон қилиниши арафасида эканини айтаётган бир пайтда, Вашингтон ва Теҳрон ўртасида тузилган 60 кунлик ўзаро англашув меморандумининг муддати тугади. Унинг узайтирилишига эса деярли умид йўқ. Аслида бу меморандум тинчлик музокаралари учун имкон яратиши кўзда тутилган эди, бироқ кўп ўтмай у ўз аҳамиятини йўқотди.
Таъкидлаш жоизки, бу Трампнинг шу пайтгача АҚШ билан ҳеч қачон тўғридан-тўғри зиддиятга бормаган ва Вашингтоннинг минтақадаги иттифоқчиси саналган Уммонга нисбатан биринчи таҳдиди эмас. Ҳўрмуз бўғози соҳилида жойлашган Уммон АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарода ўзини бетараф томон сифатида кўрсатиб келмоқда. Шундай бўлса-да, у АҚШ ва Исроил ҳужумларига қасос сифатида Эрон томонидан минтақадаги Америка ҳарбий объектларига берилган зарбалар оқибатида муайян даражада жабр кўрди.
Энди эса Трампнинг ўзи ҳам ушбу давлатга зарба бериш билан таҳдид қилмоқда.
Трамп Уммонга қандай таҳдид қилди?
Душанба куни АҚШнинг «Fox News» телеканалига берган интервюсида Трамп Эрон таслим бўлиши шартлигини айтди. Шунингдек, у ўз маъмурияти Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси билан музокаралар олиб бориш учун тўғридан-тўғри яширин алоқа каналини ишга туширганини даъво қилди.
Суҳбат давомида у, агар АҚШнинг иттифоқчиси саналган Уммон Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларга «тўсқинлик қилгудек бўлса», уни бомбардимон қилишдан қайтмаслигини билдирди.
«Агар Уммон йўлимизга тўғаноқ бўлса, биз уларни аёвсиз бомбардимон қиламиз», — деди АҚШ раҳбари.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси вакили Трампнинг тўғридан-тўғри музокаралар ҳақидаги бу даъвосини қатъиян рад этди.
«Корпус расмийлари ва америкаликлар ўртасида ҳеч қандай музокаралар олиб борилаётгани йўқ. Трампнинг бу ёлғони — унинг урушдаги мағлубияти ҳамда чорасизлиги оқибатида юзага келган васваса ва тунги даҳшатлар маҳсули бўлган хомхаёлдан бошқа нарса эмас», — деди у Эроннинг ярим расмий «Тасним» ахборот агентлигига берган баёнотида.
Трамп аввал ҳам Уммонга таҳдид қилганми?
Душанба кунги ҳолат Трампнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги беш ойлик уруш давомида Уммонга нисбатан билдирган илк таҳдиди эмас. Жорий йилнинг май ойида ҳам у шунга ўхшаш баёнот билан чиққан эди.
27 май куни ўтказилган вазирлар маҳкамаси йиғилишида журналистлардан бири Трампдан Уммон ва Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновини биргаликда назорат қилиш ташаббусига қандай муносабатда эканини сўраганди.
«Эрон ва Уммонга бўғозни назорат қилиш имконини берувчи қисқа муддатли келишувни қабул қиласизми?», — дея савол берганди журналист.
Трамп эса бунга жавобан кескин оҳангда шундай деган эди:
«Ҳеч ким уни назорат қилмайди. Бу — халқаро сувлар ва Уммон ҳам бошқалар каби ўзини тутиши керак, акс ҳолда биз уларни ер билан яксон қилишимизга тўғри келади».
Дастлаб Трамп адашиб, «Эрон» ўрнига «Уммон» деб юборган бўлиши мумкин, деган тахминлар илгари сурилган бўлса-да, кейинчалик АҚШ Давлат департаменти ижтимоий тармоқларда ушбу баёнотнинг расмий матнини эълон қилди ва унда айнан мазкур араб давлати назарда тутилгани тасдиқланди.
Буларнинг барчаси ортида қандай сабаблар ётибди?
Сўнгги бир неча ҳафта давомида Эрон ва Уммон Қатар воситачилигида Ҳўрмуз бўғози орқали денгиз қатновини келгусида қандай бошқариш бўйича келишувга эришиш мақсадида тўғридан-тўғри музокаралар олиб борди.
17 июн куни АҚШ билан ўзаро англашув меморандуми имзоланганидан сўнг, Эрон 60 кун мобайнида бўғозни кемалар учун бепул очиқ сақлашга рози бўлган эди. Бироқ икки томон бўғоз устидан якуний назорат кимда бўлиши, хусусан, кемалар қайси йўналиш бўйлаб сузиши масаласида бир тўхтамга кела олмагани сабабли ушбу келишув тезда барбод бўлди. Июн ойининг охирларига бориб, Эрон ўз йўналиши ўрнига Уммон томонидан таклиф этилган ва АҚШ маъқуллаган йўлак бўйлаб ҳаракатланган бир нечта кемага зарба берди. Бунга жавобан АҚШ қарийб икки ҳафта давомида Эрон ҳудудларига қайта зарбалар берди.
Шундан сўнг Эрон Вашингтонни барча йўналишларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзда тутувчи меморандум шартларини бузганликда айблаб, у билан тўғридан-тўғри мулоқотни тўхтатди. Бунинг ўрнига Теҳрон Уммон билан бўғознинг истиқболи бўйича музокараларга киришди. Шунингдек, Эрон мулоқотни қайта тиклаш учун санкцияларни бекор қилиш ва АҚШ зарбаларини бутунлай тўхтатиш каби янги шартлар рўйхатини эълон қилди.
Душанба куни Теҳрон икки давлат бўғоздаги янги кема қатнови йўналиши бўйича келишувга эришганини ва ҳозирда қўшма декларация матни тайёрланаётганини маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг таъкидлашича, бўғозни назорат қилиш бўйича таклиф этилаётган янги механизм тижорат кемаларининг хавфсиз ўтишини таъминлаган ҳолда, ҳам Эрон, ҳам Уммон манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.
«Икки соҳилбўйи давлатнинг суверен ҳуқуқларини бир вақтнинг ўзида ҳимоя қилиш ва савдо кемаларининг хавфсиз қатновини таъминлаш механизми илк бор ишлаб чиқилмоқда», — деди Бақоий.
Маълумот учун, Ҳўрмуз бўғози — 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан аввал жаҳондаги нефт ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) таъминотининг бешдан бир қисми ташилган ўта муҳим сув йўли ҳисобланади. Ушбу бўғоз орқали ҳар куни ўртача 130 та кема сузиб ўтарди.
Эрон март ойи бошида бўғозни ёпиб қўйди ва 17 июн куни АҚШ билан ўзаро англашув меморандуми имзолангунга қадар фақат ўзи «дўст» деб билган саноқли кемаларнинг ўтишига рухсат берди. Ўшандан бери бу масала урушга барҳам беришга қаратилган узоқ муддатли тинчлик режаси музокараларини тўхтатиб турган асосий муаммога айланди.
АҚШ эса ўз навбатида бўғоз ичида ва унинг атрофидаги Эрон портларига қарши қамал ўрнатди. Ўтган ҳафтада у Эрон портларига етиб боришга уринганликда айбланган ҳамда йўналишни ўзгартириш буйруғига бўйсунмаган Панама байроғи остидаги юк кемасига қарата ўт очди.
Мазкур инқироз оқибатида глобал энергия тақчиллиги юзага келди ва нефт нархи кескин кўтарилди. Яқин Шарқдаги можаро бошланишидан аввал жаҳон эталони ҳисобланган «Brent» маркали хом нефт нархи бир баррел учун тахминан 66 долларни ташкил этарди. Уруш давомида нарх бир неча бор 100 доллардан ошиб кетди, охирги марта бу ҳолат 23 июлда кузатилди. Март ойида эса нарх 119 долларгача кўтарилган эди.
Сешанба куни «Brent» нефти фючерслари бир баррел учун 91,22 долларгача кўтарилиб, сўнгги уч ҳафтадаги энг юқори кўрсаткичга яқинлашди.
Уммоннинг Эрон урушидаги позицияси қандай?
Ўзининг бетарафлиги билан танилган Уммон Ҳўрмуз бўғозини назорат қилишда Эронга қўшилиш нияти борлигини ошкора маълум қилгани йўқ. АҚШ ва Уммон қарийб 200 йиллик тарихга эга яқин ҳамкор ҳисобланади.
Икки мамлакат ўртасида кўплаб битимлар, жумладан, хавфсизлик бўйича шериклик, эркин савдо тўғрисидаги битим ҳамда фан ва технология соҳасидаги келишувлар амал қилади.
Уруш даврида Эрон қўшни давлатлар, хусусан, Уммондаги АҚШ ҳарбий объектлари ва энергетика инфратузилмасига бир неча бор зарба берди.
Уммон аввалроқ 28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан сўнг бошланган урушга ечим топишга интилаётган Вашингтон ва Теҳрон ўртасида асосий воситачи сифатида иш олиб борган эди.
Хўш, нима учун Трамп энди Уммонга таҳдид қилмоқда?
Ҳўрмуз бўғози бўйича эҳтимолий Эрон ва Уммон келишуви Вашингтоннинг асосий талабларидан бирига зид келиши мумкин: бу талаб урушни тўхтатиш шарти сифатида Эроннинг бўғоз устидан назоратни топширишидир. Бундай келишув назоратни чеклаш ўрнига, Эрон позициясини расмийлаштириб, унга янада кўпроқ қонуний тус беради.
Бироқ экспертларнинг фикрича, Трамп АҚШ бўғоз билан боғлиқ келишувдан четда қолганидан ҳам ғазабда бўлиши эҳтимоли юқори.
Эксетер университетининг Кўрфаз давлатларини ўрганиш бўйича профессори Лала Халилий «Ал-Жазира»га берган интервюсида шундай деди: «Қисман олганда, АҚШ аралашувисиз эришилган ва амалда тўлиқ икки давлатнинг ҳудудий сувларида жойлашган Ҳўрмуз орқали ўтишни Уммон ва Эрон бошқаришига имкон берувчи ечим Қўшма Штатларнинг қанчалик ожиз эканини ва шундай бўлиб келганини кўрсатиб қўяди».
Шунингдек, АҚШ ва Эрон ўртасида Эроннинг бўғоздан фойдаланувчи юк ташиш компанияларидан тўлов ундириши масаласида жиддий ихтилоф мавжуд. Халқаро ҳуқуққа кўра, гарчи техник жиҳатдан халқаро сувларда бўлмаса-да, Ҳўрмуз каби табиий сув йўллари орқали ўтиш учун бож ундириш тақиқланади. Бироқ суғурта, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кемалар тўхташ жойи каби хизматлар учун тўлов олиниши мумкин. Ушбу масала Эрон ва Уммон келишувидан ўрин олиш-олмаслигини вақт кўрсатади.
Июл ойи охирида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эроннинг Ҳўрмуз орқали ўтувчи кемалардан бож ундиришига йўл қўйиб бўлмаслигидан огоҳлантирди. Бундан бир неча кун аввал Трампнинг ўзи бўғоздан ўтиш учун ҳеч қандай бож ундирилмаслигини, бундай тўловни фақат унинг мамлакати ундириши мумкинлигини таъкидлаган эди.
14 август куни Трамп яна бир қадам илгарилаб, Ню-Йоркдаги тарафдорларига Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш режаси борлигини билдирди. «Биз ҳозирда жуда оғир мағлубиятга учраётган Эронни бутунлай таслим қилганимиздан кейин, тез орада Ҳўрмуз бўғозини Қўшма Штатлар ҳудуди сифатида эълон қиламан», — деди Трамп.
Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий ва халқаро масалалар бўйича ўринбосари Козим Ғарибободий бу таҳдидга ижтимоий тармоқларда кескин жавоб қайтарди.
«Трамп Эрон мағлубиятга учраганидан сўнг тез орада Ҳўрмуз бўғозини Америка ҳудуди деб эълон қилишини айтди. Ҳўрмуз бўғозини на твит, на авиаташувчи кема, на фармон ва на сайловолди нутқи билан эгаллаб бўлади. Эрон таҳдидлардан ҳам қўрқмайди, куч намойиши билан ҳам уни чўчитиб бўлмайди», — деб ёзди Ғарибободий.





