
Трамп янги туғилган чақалоқлар учун 1000 доллар инвестиция ҳисобини жорий этмоқда
Доналд Трамп АҚШда туғилган ҳар бир бола учун давлат маблағидан очиладиган инвестиция ҳисобларини таклиф қилди, дастур 2025–2028 йилларни қамраб олади.

АҚШ президенти Доналд Трамп янги давлат ташаббуси — «Trump Accounts» деб номланган инвестиция ҳисобларини расман тақдим этди. «Reuters» агентлигининг хабар беришича, дастурнинг асосий мақсади ёш оилаларнинг молиявий ҳимоясини кучайтириш ва капитал жамғаришни бола туғилган пайтдан бошлашдир.
Ташаббусга кўра, 2025–2028 йиллар оралиғида АҚШ ҳудудида туғилган ҳар бир бола учун давлат томонидан 1000 доллар миқдорида маблағ ажратилади. Ушбу пул АҚШ Ғазначилиги томонидан очиладиган махсус инвестиция ҳисобларига автоматик равишда ўтказилади.
Ҳисобдаги маблағлар паст комиссияли индекс фондларга йўналтирилади. Бу капиталнинг фонд бозори ўсиши билан бирга кўпайишини таъминлаши кутилмоқда. Даромаддан солиқ фақат маблағ ечиб олинган пайтда тўланади.
Ҳисоб қандай ишлайди?
Дастур доирасида оилаларга ҳисобни мустақил равишда тўлдириш ҳуқуқи берилади. Йиллик қўшимча бадал миқдори 5000 долларгача этиб белгиланган. Шу билан бирга, Трамп хусусий компанияларни ҳам ташаббусга қўшилишга чақириб, ходимларининг фарзандлари учун бундай ҳисобларга маблағ ўтказишни таклиф қилди.
Оқ уй ҳисоб-китобларига кўра, ҳеч қандай қўшимча тўлов қилинмаган тақдирда ҳам, бола 18 ёшга етгунча ҳисобдаги сумма тахминан 5800 долларгача ўсиши мумкин. Агар эса ҳар йили максимал миқдорда қўшимча бадал киритилса, 28 ёшга келиб жамғарма 1,1 млн долларгача етиши эҳтимол қилинмоқда.
Маъмурият ушбу рақамларни фонд бозорининг ўртача узоқ муддатли ўсиш суръатларига асосланган ҳолда келтирмоқда.
Сиёсий ва иқтисодий сигнал
Доналд Трампнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус фақат молиявий қўллаб-қувватлаш эмас, балки узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий стратегиядир.
«Ўн йилдан кейин “Trump Accounts” барча даврларнинг энг трансформацион сиёсий инновацияларидан бири сифатида эсга олинади. Бу фақат бойлик ҳақида эмас, бу — уй сотиб олиш, бизнес очиш ва янги оилалар қуриш имконияти ҳақида», — деди у.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ташаббус амалга ошса, у АҚШда давлатнинг болалар учун капитал жамғаришга бевосита аралашуви бўйича илк йирик тажрибага айланади. Шу билан бирга, дастурнинг бюджетга тушадиган юки ва фонд бозорига боғлиқ рисклари кейинги сиёсий муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлиши кутилмоқда.





